Теҳрон ва Исломобод ўзаро дипломатик муносабатни тўлиқ тиклади. Бир-бирининг ҳудудига ракета ҳужуми билан алмашиш натижасида юзага келган зиддият, таранглик бартараф этилиб, элчилар жойига қайтарилди, деб хабар берди “Казинформ”.

16 январда Эрон Покистоннинг Балужистон вилояти томон ракета учириб, учувчисиз учоқдан қатор ҳужумлар уюштирди. Теҳрон айни амалиёт террорчиларга қарши қаратилганини билдирди.

Покистон бу ҳаракатни қоралаб, 18 январь куни Эрон жануби-шарқидаги Систон ва Балужистон вилояти чегарасидаги қишлоққа ракета ҳужуми билан жавоб қайтарди.

Покистон Теҳрондаги элчисини чақириб олди ва Эрон элчиси Исломободга қайтишига рухсат этилмаслигини маълум қилди. Ғазо секторидаги Исроил ва ХAМAС зиддияти туфайли Яқин Шарқда кескинлик кучайгани асносида воқеа халқаро хавотир уйғотди.

– Покистон хавфсизлиги Эрон хавфсизлигидир, зиддият минтақадаги барча давлатлар манфаатига таҳдид солмоқда, – деди Эрон Президенти Иброҳим Раисий 27 январь куни ишонч ёрлиғини қабул қилиш учун Покистоннинг ЭИРдаги элчиси Муҳаммад Мудассир Типу билан ўтказган учрашуви чоғида. – Наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича қўшма режаларни амалга ошириш, шунингдек чегара ҳудудларида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш зарур.

Раисий Типунинг Теҳронда бўлиши давомида барча соҳаларда ўзаро муносабатни ривожлантириш бўйича самарали қадамлар қўйилишига умид билдирди.

Покистон элчиси икки қўшни давлат ўртасидаги сўнгги кескинлик асносида ой бошида ҳукумат томонидан чақирилгандан сўнг, 26 январь куни вазифасини адо этиш учун Теҳронга қайтди.

Муҳаммад Типу “Исломобод Теҳрон билан қардошлик муносабатида янги саҳифа очишга тайёр”лигини билдирди ва қўшимча қилди:

– Эрон Президентининг мамлакатларимиз яқинлашуви ва ҳамкорлигини назарда тутувчи аниқ йўл харитасини олқишлаймиз.

Элчи “Покистон раҳбарияти Эрон билан биродарлик муносабатини мустаҳкамлашга қатъий интилиши, душманларнинг икки давлат ўртасидаги умумий чегарадан фойдаланишига йўл қўймаслиги”ни таъкидлади:

– Расмийлар чегара ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш, бу ҳудудларда ҳужум уюштириш ёки хавфсизлик вазиятини беқарорлаштиришга қаратилган ҳар қандай уринишга қарши туриш мажбуриятини олади.

Эроннинг Покистондаги элчиси Ризо Aмирий Моғадам ҳам дипломатик вазифасини давом эттириш учун Исломободга қайтди.

Г.Сатторова,

ЎзА