Қимматбаҳо тошлар хомашё сифатида Ўзбекистонга олиб киришда ҚҚСдан озод қилинади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
— Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, хом ашё хариди, ишлаб чиқарилган маҳсулот савдосининг катта қисми яширин тарзда амалга оширилмоқда ва ташкил этилган янги ишлаб чиқариш қувватлари тўлақонли фаолият кўрсатмаяпти, — деди қўмита раиси Ш.Назаров. — Ушбу қонун лойиҳаси заргарлик соҳасини маҳаллий саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш, қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг хом ашёга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, у билан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар берилмоқда.

Хусусан, лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига қўшимча киритиш орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо тошларни хомашё сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғини тўлашдан вақтинчалик (2027 йил 1 январга қадар) озод қилиш назарда тутиляпти.
Қонун лойиҳаси шу йилнинг 17 январь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан берилган фикр-мулоҳазалар асосида такомиллаштириш учун қўмитага қайтарилган эди. Ўтган даврда қўмита томонидан берилган таклифлар ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти лойиҳани такомилига етказишда эътиборга олинди ва қонун лойиҳаси маромига етказилди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА