Миллий гвардия таълим муассасаларига жорий йилда ўқишга қабул қилиш қачон ва қай тарзда ўтказилади?

“Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейига қизлар қабул қилинадими?..
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимидаги таълим муассасаларига 2024/2025 ўқув йили учун ўқишга кириш истагини билдирган номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнлари тўғрисида Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Давронбек Жуманазаров маълумот берди:
– Миллий гвардия тасарруфида Жамоат хавфсизлиги университети, “Темурбеклар мактаби” ва Ҳарбий мусиқа академик лицейи, шунингдек, республикамиз бўйлаб жами 56 мактабда, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва барча вилоятларда 4 тадан мактабда ҳарбий-ватанпарварлик синфлари фаолият юритмоқда.
Ҳозирги кунда 265 та ҳарбий-ватанпарварлик синфларида 7,5 мингга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда ва уларнинг 1,6 мингдан ортиғини қиз болалар ташкил этади.
Ушбу синфларда ўқиш муддати беш йил бўлиб, 6-синфни битирган ўқувчилар қабул қилинади ва 7-11 синфларда таҳсил олади.
Мактабларда ташкил қилинган қабул комиссиялари томонидан мазкур синфларга кириш истагини билдирган номзодлардан тегишли ҳужжатлар 1 июлдан 20 июль кунига қадар қабул қилиниб, 25 август кунигача белгиланган тартибда жисмоний тайёргарлик ва тегишли фанлар йўналиши бўйича тест синовлари ўтказилади.
Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига қабул қилиш бўйича танлов тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади. Танловнинг якуний натижалари 25 август куни эълон қилинади.
Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг 5-синфига умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-синфини битирган ўқувчиларни танлаб олиш орқали иқтидорли ўғил-қизлар ўқишга қабул қилинади. Миллий гвардия Ҳарбий мусиқа академик лицейи Қабул комиссияси номзодларнинг ҳужжатларини 1 июндан 20 июнга қадар қабул қилади.
Кириш имтиҳонлари эса 20-30 июнь кунлари давомида ўтказилиб, унда номзодлар она тили, ўқиш, математика, психологик синов ва ижодий имтиҳонлар топширади.
Кириш имтиҳонларининг якуний натижалари академик лицей қабул комиссияси томонидан 5 июлгача оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия таркибида принципиал янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди.
“Темурбеклар мактаби”да ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб, лицейнинг йиллик қабул квотаси 150 кишини ташкил этади.
“Темурбеклар мактаби”га умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг 9-синфини тамомлаган, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.
Президентимизнинг 2023 йил 30 октябрдаги қарорига мувофиқ 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб, Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейига қизлар ҳам қабул қилинади.
Номзодлар учун дастлабки танлаш уларнинг аризалари асосида яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бўйича бўлимларда 1 апрелдан 30 апрелга қадар ўтказилади. Унда номзод тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар ва уни тавсифловчи маълумотлар тўпланади.
Ҳарбий-касбий танлаш босқичида номзоднинг яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бошқармаларида 1 майдан 20 июнь кунига қадар ўтказилади. Унда номзоднинг соғлиги, саводхонлик даражаси, психофизиологик хусусиятлари ва жисмоний тайёргарлиги баҳоланиб синовдан ўтган номзодларнинг йиғма жилдлари “Темурбеклар мактаби”нинг қабул комиссиясига юборилади.
Тест синовларига рухсат этилган номзодларга мудофаа ишлари бошқармалари томонидан маълумотнома берилади. Маълумотнома умумтаълим мактабидан умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномани олиш учун асос бўлади.
Тест синовлари босқичи эса Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўрнатилган тартибда тест синовлари ўтказилади. Тест синовларини ўтказиш санаси, жойи ва вақти ўрнатилган тартибда белгиланади.
Миллий гвардиянинг Жамоат хавфсизлиги университети қабул комиссия ўз фаолиятини 1 февралдан бошлайди. Шу кундан жамловчи идоралар томонидан университетнинг кундузги бакалавриат йўналишига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлардан аризалар (билдиргилар) қабул қилиниши бошланади ва ушбу жараён жорий йилнинг 20 март кунига қадар давом этади.
Университетга бакалавриатнинг кундузги таълим шаклининг курсантлар сафига ўқишга кириш истагини билдирган фуқаролар таълим йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ўзларининг яшаш жойидаги Мудофаа ишлари бўйича бўлимлар орқали ёки Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмаларига ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) эса ўзлари хизмат ўтаётган ҳарбий қисм (муассасага) командири (бошлиғи) номига билдирги билан мурожаат қилади. Номзодлар билан 1 февралдан 31 мартга қадар дастлабки саралаб олиш тадбирлари ташкил этилади.
Дастлабки саралаб олишдан муваффақиятли ўтган номзодлар тест синовларига қўйилади. Тест синовлари натижаларига кўра юқори балл тўплаган номзодлар университет қабул комиссиясининг қарорига асосан ўқишга қабул қилинади.
Жамоат хавфсизлиги университети бакалавриатининг (курсантлар сафига) 10 та таълим йўналиши мавжуд бўлиб, шундан 8 та таълим йўналишга қиз бола номзодлар қабул қилинади.
Бундан ташқари, университетнинг магистратура кундузги таълим шакли бўйича 8 та мутахассислик мавжуд. Унга кўра, 5 та мутахассислик офицер лавозимлардаги ҳарбий хизматчи (ходим)лар учун, 3 та мутахассислик бўйича эса умум фуқаровий асосда ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, университетга ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун сиртқи таълим шакли ҳам мавжуд бўлиб, иккита таълим йўналиши бўйича номзодлар ўқишга қабул қилинади.
Таълим шакллари бўйича батафсил маълумотларни Миллий гвардиянинг расмий сайтидаги фуқаролар учун бўлими орқали олиш мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА