Орол денгизи ҳавзасида экологик муҳитни яхшилаш масалалари муҳокама этилди

ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Radisson Blu” меҳмонхонасида Ўзбекистон экологик ҳаракати, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) ҳамкорлиги ҳамда хорижий экспертлар иштирокидаги “NEXUS Gains” дастури доирасида Орол денгизи ҳавзасида чора-тадбирлар бўйича халқаро қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маслаҳат гуруҳи семинари ўтказилди.
Мамлакатимизда экологик муҳитни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий тадқиқот институтлари, университетлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар инновацион ечимларни илгари суриб, Орол денгизи ҳавзасининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш бўйича ўз фикрларини билдирди. Бу борадаги тадқиқотларнинг бориши ҳақида янгиликлар билан ўртоқлашилди. Тадқиқот натижаларини минтақада қўллаш ва мослаштириш бўйича лойиҳаларни рағбатлантириш, ташаббуснинг 2025 йилда бошланиши кутилаётган келгуси босқичлари ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Халқаро сув ре сурсларини бошқариш институти Орол денгизи ҳавзасида сув тақсимотини моделлаштириш учун “PyWP” дастурини амалга ошираётган бўлиб, сувни оқизиш, сақлаш, гидроэнергетика симуляцияси ва суғориш сувидан фойдаланишни кузатишдаги кўп қирраликни ўзида жамлаган. Бундан ташқари, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти гидрологик хатти-ҳаракатларни тушуниш учун Чирчиқ дарёси ҳавзасида “CWAT” моделлаштиришдан фойдаланмоқда. Шунингдек, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти Фарғона водийсида иқлим ўзгариши билан курашиш ва қурғоқчилик хавфи юзага келганда сувга бўлган талабни қондириш учун муқобил сув сақлаш ечимларини ўрганмоқда.
Семинар соҳада ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва Орол денгизи ҳавзасида экологик хавф-хатарга қарши курашиш, сув, энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит соҳаларида дуч келинаётган мураккаб муаммоларни ҳал қилувчи стратегияларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этди.
Камола Юсупова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА