Ёшларнинг энг яхши мобил иловаси давлат идораларида жорий этилади

235

Пойтахтимизда “mGovAward” танловининг учинчи босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазир ўринбосари Абдулла Носир Лута бошчилигидаги делегация аъзолари, шунингдек давлат ташкилотлари ва стартап экотизимлари вакиллари иштирок этди.

Маросимда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни таҳлилий фикрлашга ундаш, инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, ташаббускор ўғил-қизларга интеллектуал салоҳиятини намоён қилиш учун қулай шароит яратилаётгани, хусусан инновацион тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида технопаркда бизнес-инкубаторлар, тажриба майдончалари ташкил этилаётгани, таклиф қилинган стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш имкони яратилаётгани қайд этилди.

“mGovAward” давлат мобил иловаларини ишлаб чиқиш бўйича миллий танлов ҳисобланади. Маълумотга асосланган ечим, таълим, тадбиркорлик, инсон ресурси ва фаровонлик, экология ва атроф муҳит муҳофазаси, туризм каби йўналишларни қамраб олган мусобақада иштирокчилар учун йўналишлардан бири бўйича давлат сектори учун мобил илова ишлаб чиқиш талаби қўйилди.

Мазкур лойиҳа орқали талабаларни янги технология жорий этиш, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга ёрдам берадиган янги ғояларни ўзлаштиришга жалб этиш мақсади кўзланган. Ишлаб чиқилган энг яхши ечимлар фойдаланиш учун давлат идораларига тақдим этилади.

Учинчи бор ўтказилган танловга жами 63 жамоадан ариза тушди. 20 та лойиҳа “Demo Day” босқичига етиб келди. Иштирокчилар иши Ўзбекистон ва БAA таниқли мутахассислари томонидан синчковлик билан баҳоланди. Соврин жамғармаси 100 минг долларни ташкил этган танловда биринчи ўринни қўлга киритган “Logo Smart” жамоасига 50 минг доллар берилди. Иккинчи ўринни эгаллаган “School of autism” жамоаси 30 минг, учинчи ўринга лойиқ топилган “Drivesafe” жамоаси 20 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.

Тадбир доирасида IТ Парк бош директори Фарҳод Иброҳимов ва БАА делегацияси вакили Салим Абдулла Муҳаммад Aл-Шамий иштирокида рақамли технологияни ривожлантириш, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масаласи батафсил муҳокама қилинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА