Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, кимё фанлари доктори, академик Аҳмед Реймов билан маҳаллий олимлар ва талабаларнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида ҳақиқий аъзоларнинг асосий фаолият йўналишлари доирасида 2024 йилга мўлжалланган “Йўл хариталари” асосида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият, илмий натижаларни амалиётга жорий қилиш, жойларда илмий мактабларни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш каби вазифалар белгиланган эди. Шундан келиб чиқиб, академикларнинг иқтисодиёт тармоқлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Тўлқин Нурмуродов бошқариб борган учрашувда А.Реймовнинг илмий-педагогик фаолияти, тадқиқот мавзуси долзарблигига эътибор қаратилди.
Урашувда А.Реймов Қорақалпоқ давлат университети, мавжуд факультетлар, амалга оширилаётган илмий лойиҳалар, келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
– Мақсадимиз олиб борилаётган илмий фаолиятни ривожлантириш, университетларимиз ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишдир, – дейди Аҳмед Реймов. – Бугун университет олимлари ва магистрлари билан учрашиб, илм соҳасидаги, айнан кимё технологиялари соҳасидаги янгиликлар, университетларда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини биргаликда олиб бориш бўйича бир қатор режаларни келишиб олдик.
Тадбирда профессор- ўқитувчилар, магистр талабалар кимё технологиялари соҳасида олиб бораётган изланишлари ва эришилаётган натижалар ҳақида тўхталиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
– Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудлари ўртасидаги ўхшаш жиҳатлар кўп, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети проректори Т.Нурмуродов. – Яъни ҳар иккала ҳудуд ҳам маъданларга бой. Бугунги кунда қорақалпоқ қардошларимиз ҳам кон-металлургия соҳасида қатор йирик лойиҳаларни амалга оширишмоқда. Комбинатнинг бир нечта тармоқ корхоналари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган. Қолаверса, Нукус шаҳрида бизнинг университет филиали фаолият олиб бормоқда. Ҳозир ишлаб чиқаришдаги турли масалалар юзасидан олимларимиз ўртасида ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш кучайтирилмоқда.
Академик билан “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ мутахассислари, қолаверса, Конимех туманидаги маҳаллаларда ҳам учрашувлар ўтказилди. Ушбу мулоқотлардан мақсад маъданларга бой икки ҳудуд – Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси олимлари ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни янада кучайтиришдир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари