Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикасидаги шўъбаси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари вакиллари, шаҳар ва туман ҳокимлари ёрдамчилари билан учрашув ташкил қилинди.

Учрашувдан мақсад давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 январдаги “Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш жараёнларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш ва тушунча беришдан иборат.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикасидаги шўъбаси бош инспектори Е.Досанов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи  ўринбосари М.Қосназаров тушунча берди.

Жумладан 2024 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларидан талаб қилинадиган, ўзаро бир-бирини такрорловчи ва давлат органларининг бошқа органлардан олиш имконияти мавжуд бўлган 34 турдаги ҳисобот ва статистика маълумоти бекор қилинмоқда. Тадбирда бекор қилинаётган ушбу ҳисобот, статистик маълумотлар, лицензия ва рухсатномалар,  ҳисобот ва статистик маълумотларнинг ягона рўйхати, жорий қилинаётган “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими, бошқа қулайликлар ва шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашув сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири.