Лондонда ўтказилган “Янги Ўзбекистон: янги имкониятлар, тараққиёт йўлидаги ижтимоий ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро форумда Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов нутқ сўзлади.

Бизнес-омбудсман ахборот хизмати маълумотига кўра, у ўз маърузасида ишбилармон аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига тўхталиб, уларнинг иқтисодиёт ва жамият ривожидаги аҳамиятига алоҳида урғу берди.

Хусусан, мамлакатимизда 2017 йилдан буён амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик фаолияти билан банд бўлган хотин-қизларнинг улуши 21 фоиздан 37 фоизгача ошган. Бу кўрсаткич тадбиркорлик соҳасида аёллар учун тенг имкониятларни таъминлаш борасидаги салмоқли ютуқлардан далолат беради.

Халқаро форум конструктив мулоқот ва муҳокамалар, шунингдек, бизнесни ривожлантириш ва ҳамкорлик соҳасида қўшма ҳаракатларни белгилаш учун муҳим майдонга айланди.

Форум иштирокчилари гендер тенглигини таъминлаш бўйича ишларни давом эттириш зарурлиги тўғрисида умумий фикрга келди ва бу йўналишда келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА