Японияда суд “Kyoto Animation Co” студиясини ёқиб юборган Синзи Аоба ўлим жазосига ҳукм қилинди, деб ёзди “Kyodo News” агентлиги.
45 ёшли шахс 2019 йил 18 июль куни Киотодаги анимация студиясига ўт қўйганини тан олди. Ёнғин мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли воқеалардан бири сифатида тан олинган. Ҳодиса туфайли 36 киши ҳалок бўлган, 32 нафар ходим жароҳатланган эди.
Қайд этилишича, Аоба ушбу студия унинг романидан нусха кўчирган, деб ўйлагани сабабли жиноятга қўл урган.
Суд 36 кишининг ўлими учун жавобгарлик “жуда оғир” бўлишини маълум қилганди. “Ҳукм чиқарилишидан олдин айтадиган гапингиз борми?” саволига судланувчи “Йўқ!” дея жавоб берди, жазо эълон қилингач, муносабат ҳам билдирмади.
Хулосага кўра, Синзи соат 10:30 атрофида студияга кириб, бензин ишлатиб, ёнғин чиқарган. Ўшанда бинода 70 киши ишлаётган эди.
Суд жараёни воқеадан тўрт йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 2023 йил сентябрь ойида бошланганди.