Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 январь куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари бугунги кунда юксак даражага кўтарилганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар.

Мамлакатларимиз ҳукуматлари, идоралари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасида яқин алоқалар ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, автомобилсозлик, электротехника ва тўқимачилик тармоқларида, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишларда, шу жумладан қўшма Тараққиёт фонди доирасида саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш бўйича биргаликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Марказий Осиё минтақасидаги инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар, бўлажак учрашувлар режасини кўриб чиқдилар.