Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидан келган жами 42 та умумтаълим мактабининг 400 нафардан зиёд ўқувчиси учун Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш, ҳарбий касбга нисбатан ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотиш, халқ ва армия якдиллигини таъминлаш ҳамда ҳарбий хизмат ҳақида билимларини бойитиш мақсадида ташкил этилган саёҳат давомида мактаб ўқувчилари ҳарбий округ фаолияти, ҳарбий қисмларда аскарлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Экскурсия аввалида ўқувчилар Нукус гарнизони ҳарбий оркестрининг мусиқий садолари жўрлигида кутиб олинди.
Шундан сўнг, Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди. Унда бой ҳаётий тажрибага эга фахрийлар ҳарбийлик, унинг машаққатли ва шарафли йўли ҳақида сўзлаб берди. Ёшларни бугунги куннинг глобал муаммоларидан бирига айланган “Оммавий маданият”, дин ниқоби остидаги жамиятимизга бўлган таҳдидлардан огоҳ бўлишга чақирди. Тинчликнинг қадри баланд, уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлиги уқтирилди.
Ҳарбий қисм ҳаёти, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам уларнинг эътиборидан четда қолмади. Ватан ҳимоячилари билан кечган жонли мулоқот давомида ёшлар ҳарбий бўлиш учун нима қилиш керак деган саволга жавоб олди.
Аскарлар билан кечган “Заковат” интеллектуал ўйини, шахмат бўйича баҳслар ёшларнинг хотирасида бир умрга муҳрланиб қолиши табиий. Бу каби тадбирлар ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳида камол топиши ва келгусида ҳарбий соҳада хизмат қилишга замин яратади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.