«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ахборот хизматининг маълум қилишича, давлатимиз раҳбарининг Хитойга давлат ташрифи муносабати билан ўзбек-хитой ишбилармон доиралари иштирокида турли учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди.

«Ўзэлтехсаноат» уюшмасига аъзо «Techno Cable Group» компанияси вакиллари ҳам Хитой компаниялари билан музокараларда иштирок этиб, бир қатор ютуқларга эришди. Хусусан, Хитойнинг йирик компаниялари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилаётган энергетика соҳасидаги инвестиция лойиҳалари учун замонавий кабель маҳсулотлари етказиб бериш бўйича умумий қиймати 70 миллион долларлик келишув имзоланди.

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Н. Толипов сўзига кўра, ушбу келишув натижасида Хитойлик компаниялар томонидан республикамизда амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида импортни камайтирилишига ва маҳаллий корхоналар билан кооперация алоқаларининг ривожланишига эришилади.

«Techno Cable Group» компанияси бугунги кунда 2 минг турдаги кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқаради. 300 нафар ходим доимий иш билан таъминланган. 2023 йилда амалга оширилган 15 миллиард сўмлик лойиҳалар натижасида 10-35 кВ юқори кучланишли кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2024 йилда ҳам корхона янги инвестиция лойиҳалари асосида янги ишлаб чиқариш линияларини ишга тушириш бўйича ишларни бошлаб юборган. Хусусан, янги қувватлар учун бинолар қурилиб, хориждан замонавий технологияларни олиб келиш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида корхона яна янги 100 нафар ишчи ўрни яратишни режалаштирмоқда. Корхона асосан Туркия, Грузия, Марказий Осиё давлатларига маҳсулот экспорт қилиб келмоқда. Жорий йилда ҳам экспорт географиясини кенгайтириш бўйича корхонанинг истиқболли режалари мавжуд.

Шунингдек, давлат ташрифи доирасида  «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва Хитойнинг бир қатор компаниялар ўртасида музокаралар ўтказилди. Уюшма раиси Мирзиёд Юнусов Хитойнинг «Holowits Technologies» компанияси вакиллари билан юртимизда видеокузатув қурилмаларини ишлаб чиқариш юзасидан суҳбатлашди.

Ўз навбатида,  «Holowits Technologies» компанияси директори Янг Жен ушбу лойиҳага қизиқиш билдириб, унинг истиқболини ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилишини таъкидлади.

«Holowits Technologies» компанияси  сунъий онг камералари, видеокузатув қурилмалари, булутли хизмат технологиялари каби маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва ушбу соҳада хизмат кўрсатувчи йирик корхоналардан биридир.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА