Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туман бўлими ва Йўл патрул хизмати ходимлари билан ҳамкорликда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун тайинланган жарималарни ундириш мақсадида қўшма рейдлар ўтказиб келинмоқда.
Шундай тадбирларнинг бирида 2023 йил давомида 31 маротаба йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги сабабли Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан жами 17,9 миллион сўмлик маъмурий жарима қўлланилган фуқаро Ш.А.нинг бошқарувидаги “LACETTI” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, жарима майдонига жойланди.
Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими бошлиғи томонидан қоидабузарга хатланган автотранспорт воситаси тегишли тартибда баҳоланиб, келгусида электрон онлайн-аукцион савдо орқали сотилиши, ундан тушган пул маблағи давлат бюджетига ўтказилиши ҳақида тушунтириш иши олиб борилди. Шундан сўнг қўлланилган жами 17,9 миллион сўмлик 31 та маъмурий жариманинг барчаси қоидабузар томонидан шу куннинг ўзида тўланди ва унинг автотранспорт воситаси қайтариб берилди.
Ҳозирда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилган маъмурий жарималарни ундириш ишлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.