Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўъбаси ҳамда Бўзатов туман бўлими томонидан қасддан алимент тўламай яшириниб юрган қарздорларни топиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Жорий йилнинг январь ойида олиб борилган қидирув тадбирлари давомида уч нафар фарзандини моддий таъминлашдан қочиб юрган қарздор ота ушланди. Фуқаролик ишлар бўйича Нукус туманлараро судининг 2022 йилдаги қарорига асосан ундирувчи Б.Д.нинг уч нафар вояга етмаган фарзанди учун қарздор П.Қ. ҳар ой топган даромадидан ½ миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати бюронинг Бўзатов туман бўлими иш юритувига олинган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Лекин, олиб борилган ижро ҳаракатлари, тушунтириш ва огоҳлантиришларга қарамай қарздор ота вояга етмаган фарзандлари учун алимент пулларини қасддан тўламай келган. Бунинг оқибатида қарздорлик 44,2 миллион сўмга етган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қарздор П.Қ. топилиб, унга нисбатан Жиноят ишлар бўйича Кегейли туман суди томонидан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.