Қонунчилик палатасининг фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди

304

Ўтган йил мамлакатимиз сиёсий ҳаётида, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда “Инсон қадрини улуғлаш” ғояси асосида улкан ўзгаришлар рўй берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларни янада тараққий эттириш, бу борада ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар самарали амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми орқали, яъни бевосита халқимиз томонидан янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди.

Конституциявий ислоҳотлар жараёнида барча сиёсий партиялар фракциялари, Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳамда Конституциявий комиссия фаол иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган қуйи палатанинг 2023 йилдаги фаолияти хусусидаги масалада айни жиҳатларга эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловнинг ахборот беришича, Конституция билан мамлакатда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланди, давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг самарали янги модели жорий қилинди.

Муддатидан олдин ўтказилган Президент сайлови жараёнларида депутатлар корпуси ҳам фаол қатнашди. Хусусан, қуйи палата депутатлари сайловга бағишланган тадбирларда, шунингдек, маҳаллаларда бўлиб, ўз сиёсий партияларидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурлари билан аҳолини яқиндан таништирдилар.

Ўтган йили мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан тараққиётимизнинг фундаментал асосларини ўзида мужассам этган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этила бошланди. Айни пайтда ушбу ҳужжатда белгиланган 100 та мақсад доирасида барча соҳалардаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги фаолиятида янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган нормаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, Қонунчилик палатасини шакллантиришнинг янги тартиби, яъни мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилди.

Ўтган йилда Қонунчилик палатаси томонидан давлат ва жамият ҳаётидаги долзарб масалаларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, аҳолига енгилликлар яратишга қаратилган бир қатор муҳим қонунлар қабул қилинди.

Депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун билан Болалар омбудсманининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари ва кафолатлари тартибга солинди.

Мамлакатимизда янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар Қонунчилик палатаси фаолиятига ҳам янгича маъно-мазмун олиб кирди. Депутатларнинг қонунлар сифатига бўлган талаби кучайди. Шундан келиб чиқиб, депутатлар корпуси фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш, парламентаризм муаммоларини, хорижий тажрибани чуқур ўрганиш борасидаги ишларни янада кучайтириш мақсадида Парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди.

2023 йилда палата томонидан қабул қилинган қонунлар сони аввалги йилларга қараганда бир мунча кўпайгани қайд этилди. Масалан, 2022 йилда қабул қилиниб, Сенатга юборилган қонунлар сони 88 тани ташкил этган бўлса, якунланган йилда 100 та қонун (жами 131 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган) қабул қилиниб, маъқуллаш учун юқори палатага жўнатилган.

Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат принципидан келиб чиқиб, фуқароларга пенсияга чиқишда давлат хизматлари маркази орқали ёки ягона интерактив портал орқали ҳам мурожаат қилиш имконияти яратилди. Пенсиянинг энг кам миқдори белгиланган энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслиги, пенсиялар миқдорини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби белгиланди.

Депутатлар корпуси томонидан жамият ва давлат ҳаётининг муҳим соҳаларини назорат қилиш, хусусан, бюджетни тасдиқлаш ва унинг ижросини кўриб чиқиш, Ҳукумат, жумладан, вазирликлар ва идораларнинг ҳисоботларини эшитиш, қонунларнинг жойлардаги ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиб боришга алоҳида эътибор қаратилган.

Айни мақсадларда Ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан 20 марта ахбороти эшитилган (“парламент эшитуви”). Уларда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, сув хўжалигини ривожлантириш, илм-фан ва инновациялар соҳасини тараққий эттириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш каби жамият ҳаётидаги муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Жамиятда долзарб бўлиб турган тизимли масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан мансабдор шахсларга 15 та парламент сўрови, 134 та депутат сўрови юборилган. Мазкур сўровлар натижасида аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш, автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, қоидабузарлик учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларида сақлаш, мактабларда қўшимча ўқувчи ўрнини яратиш ҳамда мактабларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш билан боғлиқ аҳолини ўйлантириб келаётган бир қатор долзарб масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилган.

Шунингдек, Ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш бўйича 8 маротаба “Ҳукумат соати” ўтказилган.

Уларда Ҳукумат аъзолари аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетик барқарорликни таъминлаш, транспорт хизмати кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш каби жамиятдаги долзарб масалалар юзасидан депутатларнинг саволларига жавоб берган.

Ҳисобот даврида қўмиталар томонидан 177 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган. Жумладан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонунларнинг ҳудудлардаги ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилган.

Парламент назоратининг бу каби таъсирчан шаклларидан унумли фойдаланилгани ижро ҳокимияти органларининг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини янада оширишга, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашга хизмат қилди.

Депутатлар фаолиятини асосан жойларда олиб боришга, аҳоли билан доимий мулоқот қилишга, қўмиталарнинг назорат-таҳлил тадбирларини кўпроқ ҳудудларда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Халқ вакиллари ҳар ой охирги ҳафтасида ўз сайлов округларига чиқиб, аҳоли ва сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни тизимли равишда ўрганиш ҳамда кўтарилган муаммоларни парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал этишга устувор аҳамият берди.

Депутатлар томонидан жами 5 минг 336 та хонадонга ташриф буюрилиб, 4 минг 191 та учрашув ўтказилган.

Қонунчилик палатасининг фаолияти сарҳисоби танқидий нуқтаи назаридан муҳокама этилди.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи ҳамда депутат сўрови институтидан самарали фойдаланилмаётгани, сиёсий партия фракцияларида қонун ташаббуси кам экани, қонун лойиҳалари муҳокамалари жараёнида қўмиталар томонидан экспертлар, илмий муассасалар вакилларининг етарлича жалб этилмаётгани алоҳида танқид қилинди.

Шунингдек, қуйи палатанинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали ялпи мажлислар тўғридан-тўғри узатилаётган бўлса-да, қўмиталар, фракциялар фаолияти, муҳокама қилинаётган масалалар, баҳс-мунозараларнинг жамоатчиликка етказилишида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани танқид остига олинди.

Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, қўмиталар раислари ўз муносабатларини билдирди. Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар хусусида тўхталиб ўтди. Хусусан, 2024 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида депутатларнинг фаол иштирок этиши ҳамда унда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси иш-режасини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, сиёсий партиялар фракциялари ўз партиялари билан ҳамкорликда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини амалга оширишга қаратилган маърифий-тарбиявий тадбирларни кўпроқ ўтказишлари мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Барча сиёсий партиялар фракциялари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан, қўмиталар эса маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар билан ҳамкорликда ҳудудларда инвестицияларни жалб этиш, экспортни кўпайтириш борасидаги ишлар устидан назоратни кучайтиришлари алоҳида қайд этилди.

Қонунчилик палатасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги масала юзасидан кечган қизғин муҳокамалар якунида Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

ЎзА