Қатарга ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Қатар Олий суд кенгаши раиси доктор Ҳассан Лахдан Ал Моханнади билан учрашди.

Учрашувда томонлар жиноий судлов соҳасида миллий тажриба алмашиб, бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишди.

Ўзбекистон томони ҳамкасбларига суд тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича тажрибаси ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, Қатар Молиявий разведка хизмати (QFIU) раҳбари Шайх Аҳмад Ал Тани билан учрашув ўтказилиб, унда меҳмонлар ушбу ташкилотнинг фаолияти ва вазифалари билан танишди.

Тадбир давомида пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш каби оғир жиноятлар хавфини қайд этган ҳолда, томонлар жиноятчиликнинг ушбу турларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёргарлигини билдирди.

Бундан ташқари, ташриф дастурига кўра, делегация вакиллари Қатар Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш маркази раҳбарияти билан учрашди.

Марказ раҳбари доктор Али Ал-Марри меҳмонларни қутлаб, уларни Қатарнинг коррупцияга қарши курашиш ташкилоти фаолияти билан таништирди.

Ўз навбатида, учрашув давомида Ўзбекистон томони Қатар Амири Тамим бин Хамад Ал Тани ташаббуси ва кўмагида ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида юқори даражада ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш соҳасида Халқаро мукофотни топшириш, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари рамзи бўлган монумент очилишининг тантанали маросимлари коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик ривожланишига муҳим туртки бўлганини таъкидлаб ўтди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА