“Янги Ўзбекистон” университетига 2024/2025 ўқув йили учун қабул қачон бошланади?

8539

АОКА да Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, “Янги Ўзбекистон” университети мутасаддилари иштирокида матбуот анжмуни ташкил этилди.

“Янги Ўзбекистон” университетига 2024/2025 ўқув йили учун ўқишга ҳужжатлар қабули жорий йилнинг январь ойидан бошланиб, июль ойига қадар давом этиши белгиланган бўлиб, талабаларга сифатли таълим бериш учун хорижлик профессор-ўқитувчилар  жалб этилган. Университетда дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Шу мақсадда имтиҳон саволлари ҳам инглиз тилида тузилган.

Шунингдек, қабул шартларига кўра, ўқишга ариза топширувчи талабгорлардан инглиз тилини энг камида В2 даражада билишни тасдиқловчи сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Бунда талабгорлар IELTS 5.5, CEFR B2 вa TOEFL iBT 46  каби минимум натижаларга эга бўлиши керак. Инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификати бўлмаган абитуриентларнинг ҳам аризалари қабул қилинади. Аммо улар 26 августга қадар талаб этилган минимум даражага эга эканликларини тасдиқловчи сертификатни қабул бўлимига тақдим этишлари лозим бўлади.

Мазкур университетга  академик лицей, коллеж ва мактабларнинг охирги синф ўқувчилари ҳам ҳозирдан ўқишга ариза топшириши мумкин ва улар шу йилнинг  26 августига қадар битирув аттестатини қабул бўлимига топшириши керак.

Ўқишга аризалар Кимё ва материалшунослик муҳандислиги, Механика муҳандислиги, Дастурий таъминот муҳандислиги, Кибер хавфсизлик, Сунъий интеллект ва робототехника, Амалий математика, Иқтисодиёт ва маълумотлар таҳлили, Педагогика ва Саноат бошқаруви каби 9 та таълим йўналишининг бакалавриат босқичига қабул қилинади.  Барча таълим йўналишларида талабгорлардан математика ва мантиқий фикрлаш бўйича имтиҳон олинади.

Aгар талабгорларда SAT, International Baccalaureate Diploma, GCSE, GCE O-Level, GCE A-Level/AS-Level, IGCSE каби математикани билиш даражасини тасдиқловчи халқаро сертификат бўлса, талабгорнинг хоҳишига кўра, имтиҳондан озод этилади ва кириш имтиҳонидан халқаро сертификатда кўрсатилган натижасига асосан максимал балл тақдим этилади.

Университетда қабул имтиҳонларида юқори натижа қайд этган талабгорларга турли миқдордаги бир йиллик грантлар ажратилади. Жумладан, ҳар қандай таълим йўналишига энг юқори натижа асосида ўқишга қабул қилинган топ 10% талабаларга 100% грант, кетма-кетлик тарзида кейинги 10% ни ташкил қилувчи талабаларга 70% грант ва ундан кейинги 15% талабаларга 50% грант ажратилади.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб ва Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби каби ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари ўқувчиларидан энг юқори балл асосида ўқишга қабул қилинган 5% талабгор, халқаро олимпиада ғолиблари, ижтимоий ҳимоя ягона реестрига кирган оила аъзолари ва Президент мактаби битирувчилари 4 йиллик 100% грант асосида ўқишга қабул қилинади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА