Хитойнинг Урумчи шаҳрида давом этаётган Ўзбекистон – Хитой минтақалараро форумида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.
Тегишли вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари, Савдо-саноат палаталари, холдинг компаниялари раҳбарлари, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирок этган тадбирда Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқди. Унда икки давлат раҳбарларининг оқилона, узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига эришилгани таъкидланди.
Форум иштирокчиларининг эътибори Ўзбекистонда, шунингдек, Қорақалпоғистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга қаратилди. Ҳудудлар ва ишбилармон доиралар вакилларининг бевосита ўзаро ҳамкорлигини ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кенгайтиришнинг кейинги қадамлари ва истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Форум “В2В” ва “В2G” музокаралари билан давом этди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси делегацияси Хитой томонининг расмийлари ва компаниялар раҳбарлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўзаро манфаатли янги шартнома ва битимлар тузишга муваффақ бўлинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.