Тошкент шаҳар ҳокими в.б Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги делегация Шанхай шаҳри мери Гонг Чжен билан учрашди.

Тошкент шаҳар хокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Шавкат Умурзоқов Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик узоқ тарихга эга эканини таъкидлади.

Ш.Умурзоқов Тошкент шаҳрини ривожлантириш истиқболларига тўхталиб, лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорликда ишлаш таклифини билдирди. Жаноб Гонг Чжен Тошкент шаҳри билан шаҳар бошқарувини кучайтириш, туризм соҳасини ривожлантириш, ташқи савдо ва сармоя ҳажмини оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри учун Шанхайнинг шаҳарсозлик бўйича бой тажрибасини ўрганиш ва ўзаро ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги, мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий ҳамкорлик бугунги кунда янги стратегик босқичга кўтарилгани, бу давлатларнинг сиёсий иродаси ва ташаббуслари билан бевосита боғлиқ эканини таъкидланди.

Шундан сўнг, Тошкент шаҳрида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Шанхай мери барча таклифларни қўллаб-қувватлашини ҳамда ҳар томонлама ёрдам ва ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Учрашув сўнгида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Шанхай мерияси ўртасидаги учрашув якунлари бўйича Тошкент ва Шанхай ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА