Экологик муаммолар, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши сўнгги пайтларда энг кўп тилга олинаётган, жамоатчилик муҳокамаларига ҳамда хавотирларига сабаб бўлаётган муҳим масалага айланди. Инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши, атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабатда бўлмаслик оқибатида юзага келаётган мазкур ҳолат, афсуски, инсонлар саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг эшитувини ташкил этиш кўзланган. Куни кеча парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг навбатдаги қўшма йиғилишида вазир А.Абдуҳакимовнинг республикада, шу жумладан Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисидаги ахбороти дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

— Республикамизда, жумладан, пойтахтимизда атмосфера ҳавоси кескин ифлосланиб бораётгани, мазкур вазиятни юмшатиш чораларини кўриш долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда, — деди Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Х.Ғаффоров. — Вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда мамлакатимиз атмосфера ҳавосини ифлослантиришда энг кўп зарарли ташламалар турғун манбалар ва транспорт воситаларидан чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларда намоён бўлаяпти. 2023 йил бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами ташламалар 2138,3 минг тоннани ташкил этиб, уларнинг 1 279,9 минг тоннаси транспорт воситаларидан, 858,4 минг тонна саноат корхоналаридан чиққан ташламалардир. Ташламаларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатадики, энг юқори ташламалар Тошкент вилоятида (679,7 минг тонна), Тошкент шаҳрида (417,6 минг тонна) ҳамда Қашқадарё вилоятида (198 минг тонна) кузатилган.

Йиғилишда мазкур масала муҳокама қилинар экан, шаҳарлардаги атмосфера қатламларининг паст шамоллатилиши, шаҳар транспортининг кўплиги, йўлларнинг тирбандлиги, кенг кўламли қурилишлар, шунингдек, яшил ҳудудларнинг камлиги каби омиллар, метеорологик шароитлар ва антропоген юклама атмосфера ҳавосининг юқори ифлосланишига олиб келаётгани баён этилди.

Шунингдек, ахборотда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борадаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикасини аниқлаш ва олдини олиш бўйича жорий этилган самарали механизмлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, 2022 йил 1 январдан бошлаб “Евро-4” экологик талабларига мос келмайдиган бензин ва дизел двигателлари билан жиҳозланган транспорт воситаларини олиб кириш ман этилиши натижасида биргина 2023 йилда экологик талабларга жавоб бермайдиган 38 та транспорт воситаси импортига рад жавоби берилган.

Шунингдек, йиғилишда Қонунчилик палатаси мажлисида ўтказиладиган эшитувга юқори даражада тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, қатор таклифлар, мулоҳазалар билдирилди.

— Соҳанинг етук олимлари, депутатлар ҳамда партиямиз фаоллари ҳамкорлигида ташкил этилган ишчи-гуруҳ аъзолари атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бирма-бир ўрганиб чиқишга ҳаракат қилмоқда, — деди депутат Носиржон Аминов. — Хусусан, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи “Оҳангаронцемент” АЖда бўлиб, корхонада чиқиндиларни қайта ишлаш имконини берувчи замонавий технологиялар ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Айни пайтда ҳаво кескин совиб кетганида айрим корхоналар қўшимча ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишига тўғри келаётганини ҳам кузатдик. Ўрганишларимиз натижасига кўра, тегишли хулосалар ва таклифлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, халқ вакиллари ҳудудлардаги саноат корхоналарида “яшил” технологиялардан унумли фойдаланилиши ва хавфсиз кимёвий моддаларнинг қўлланиши бўйича белгиланган қоидаларга риоя этилаётгани юзасидан ўрганишлар олиб бориш, республикамиз ҳудудидаги дарахтларни паспортлаштириш ишларини жадаллаштиришда парламентнинг роли ва ўрнини ошириш бўйича фикр-мулоҳазаларни билдириб ўтди.

Ўз навбатида, эшитувга нафақат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, балки атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масаласига оид қарор қабул қилиш ва назорат қилиш ваколатига эга бошқа идораларнинг ҳам масъулларини таклиф этиш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, масъул идораларга атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли катта бўлган корхоналардаги ҳолатни “келишмасдан” текшириш ваколатини қонунчиликда белгилаш бўйича таклифлар илгари сурилди.

 

Муҳтарама Комилова,

ЎзА