Қамалдаги Ғазо секторида ҳар соат икки она вафот этмоқда. БМТ бош котибининг гуманитар масала бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс ижтимоий тармоқ орқали шундай маълумот тарқатган. У 2023 йил 7 октябрдан буён анклавда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 25 мингдан ошганига ҳам эътибор қаратди.

– Исроил армияси гавжум касалхоналарни ўққа тутмоқда, уйлар вайронага айланган, хавфсиз ҳудудлар хавфли бўлиб қолган, – деб ёзган Гриффитс. – 7 октябрдан бери Ғазода ваҳшийлик тўхтамаяпти. Aйни дам ҳудуддаги қурбонлар сони 25,9 минг кишидан ошди, уларнинг аксарияти аёллар ва болалар. Фаластиннинг 63 мингдан зиёд аҳолиси жароҳат олган.

Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси ҳаво, қуруқлик ва денгиздан уюштирилаётган оммавий бомбардимон ҳамда тўлиқ қамал туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармон танқислигидан азият чекмоқда. Минглаб бинолар, жумладан касалхона, масжид ва черковларга зиён етган, кўп иншоотлар бутунлай вайрон бўлган. Исроилда эса қурбонлар сони 1200 га яқинлашди.