Тошкент педиатрия тиббиёт институти халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди

Ҳар бир таълим муассасаси жаҳон стандартлари ва мезонларига мос бўлиши замон талаби бўлиб бу кадрларни халқаро миқёсда тан олинишида муҳим ҳисобланади.
Мамлакатимизда барча соҳалар каби таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳам ўзимизга хос ва мос йўлни топишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Халқаро даражада эга кадрларни тайёрлаш зарурати давлатимиз таълим сиёсатида муҳим ўрин тутмоқда.
Хусусан, ECAQA мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги ташқи эксперт комиссияси Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг таълим фаолияти сифатини жаҳон стандартлари ва мезонларига мувофиқлигини баҳолади ва институт халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди.
Шунингдек, институтининг академик фаолияти баҳоланиши натижасида “Даволаш иши” ва “Педиатрия иши” таълим дастурлари 5 йил муддатга халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтказилди, дейилади Тошкент педиатрия тиббиёт институти маълумотида.

Баҳолаш доирасида агентлик мутахассислари институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари, иш берувчилар ҳамда битирувчилари билан суҳбатлар ўтказиб, ташкилий тузилма ва ўқув жараёни даражасини ўрганишди.
Халқаро аккредитациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома таълим ва хизматларнинг сифати, уларнинг халқаро талабларга мувофиқлиги кафолатларини тасдиқлайди ҳамда институтнинг академик жозибадорлигини, манфаатдор томонларнинг таълим дастурлари самарадорлигига бўлган ишончини оширади.
Аккредитациядан ўтганлик ҳолати тўғрисидаги маълумотлар ТTTXF (The WFME Портал) базавий тиббий таълимнинг аккредитация қилинган таълим дастурлари порталида, шунингдек, эксперт комиссиясининг ҳисоботлари, гувоҳномалар ва аккредитация Кенгашининг қарори Олий таълим сифати бўйича Осиё-тинч океани реестри (DAQAR) ва ECAQA веб-сайтига жойлаштирилади.
М.Мадаминова тайёрлади, ЎзА