Столтенберг НАТОнинг Россия чегарасида кучайишига изоҳ берди
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянсни Россия чегарасида кучайтиришдан мақсад ҳарбий можароларнинг олдини олишдир, деди.
“2022 йил февралдан буён НАТО зиммасида икки вазифа пайдо бўлди: Украинани қўллаб-қувватлаш ва НАТО билан Россия ўртасида кенг кўламли уруш бошланишига йўл қўймаслик”, – деди у ҳарбий блокнинг Брюсселдаги қароргоҳида уюштирилган брифингда.
АҚШ Эквадорга куч тузилмалари ходимларини жўнатади
Мазкур миссия тартибсизлик кечаётган шароитда Эквадор ҳуқуқ-тартибот идораларини қўллаб-қувватлаш доирасида амалга оширилмоқда, дейилади Оқ уй тарқатган хабарда.
Таъкидланишича, АҚШ яқин кунларда Эквадордаги Федерал қидирув бюроси ходимлари сони оширилишини эълон қилади. Бундан кўзланган мақсад тартибсизликни бостириш учун курашаётган мамлакат миллий полицияси ва прокуратурасига ёрдам бериш.
Япония Бош вазири фракцияси тарқатиб юборилади
Япония Бош вазири Фумио Кисиданинг фракцияси – “Котикай” расман тарқатилиши эълон қилинди, деб ёзди “Киодо” агентлиги. Ушбу қарор фракциянинг сешанба куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинди. воқеаша сабаб сифатида фракциянинг молиявий можарога аралишиб қолгани кўрсатилмоқда.
Нигерия БМТ Хавфсизлик кенгашидан жой олишга ҳақли(ми?)
Нигерия БРИКСга аъзо бўлишга интилмоқда, шунингдек БМТ Хавфсизлик Кенгашидан жой олишга ҳам ҳақли, деб ёзди “Financial Times” газетаси мамлакат ташқи ишлар вазири Юсуф Майтам Туггарга таяниб.
“Кенгаш ҳозирги беш доимий аъзодан кўра янада кенгайиши ва демократлашиши керак”, – деган мулозим.
Ғазодаги портлашда Исроилнинг 21 нафар аскари ҳалок бўлган
Ғазо секторида юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлгани аниқланган исроиллик аскарлар сони 21 нафарга етди, деб ёзди сешанба куни “Times of Israel” газетаси ЦАХАЛ матбуот котиби, бригада генерали Даниэль Хагари берган маълумотга таяниб.
Аввалроқ “i24” телеканали 10 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.
Газета ёзишича, исроиллик аскар кўмган модда портлаганда аскарлар бинони тарк этишга улгурмаган. Воқеага доир бошқа сабаблар ҳам кўриб чиқиляпти.
Финляндия ташқи таҳдиддан қўрқмайди
“Финляндия НАТОга аъзо бўлгани ва АҚШ билан яхши алоқада экани учун хавфсиз бўлиб турибди. Мамлакат бошқа давлатлар таҳдидидан қўрқмайди”. Ушбу мамлакатнинг собиқ бош вазири, президентлик учун курашга киришган Александр Стубб “Financial Times” газетасига берган интервьюсида шундай деди.
Унинг таъкидлашича, мамлакат хавфсизлик тизими ўзининг кучли қуролларига, шунингдек НАТОга аъзоликка ҳамда АҚШ билан 2023 йил 18 декабрда имзоланган мудофаа бўйича ҳамкорлик келишувига таянади.
ГФР Россия билан эҳтимолий урушга тайёрланяптими?
Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг фикрича, ғарб давлатлари кейинги 3-5 йил ичида Россия билан эҳтимолий урушга тайёрланиши лозим. Бу ҳақда у “ZDF” телеканалида айтиб ўтди.
– Ҳарбий экспертлар фикрича, Россиянинг уруш ҳаракатини бошлаш учун зарур ҳолатни тиклаб олишига бир неча йил керак бўлади, – деган у. – Бу ҳозирча фараз, аниғини ҳеч ким билмайди. Шу вақтда, яъни келгуси 3-5 йил мобайнида биз ҳам жадаллик билан қуролланишимиз керак.
Истанбул соҳилида икки юк кемаси тўқнашди
Ўтган тун Мармар денгизида икки юк кемаси тўқнашиб кетди, деб хабар тарқатди Туркия соҳилни қўриқлаш бош бошқармаси.
“Volgo Don 207” Истанбулдаги Ахиркапи соҳилига лангар ташлаган ва тўхтаб турган “Astrid L” кемасига урилган”, – дейилади маълумотда.
Кемаларнинг бири Панама, иккинчиси Антигуа ва Барбудага тегишли.
Саидмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА