Кичик бизнес вакиллари қўллаб-қувватланади

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектига алоҳида эътибор қаратилмоқда, зарур шарт-шароитлар, имкониятлар яратиб берилмоқда. Асоссиз текширувларга чек қўйилиб, бизнес вакиллари рағбатлантирилмоқда, ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳани ривожлантиришга қаратилган кўплаб қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Яратилган қулайлик ва имкониятлар натижасида тадбиркорлар сони кескин кўпайди. Илгаридан ишлаётган ишбилармонлар ўз бизнесини мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб иш ўринлари яратяпти.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 20 январидаги “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кичик ва ўрта бизнеснинг халқаро бозорларга чиқишига имкониятларни кенгайтириш, микро молиялаштиришни ривожлантириш, янги инструментларини амалиётга жорий этиш устувор вазифа сифатида белгилангани эътиборга молик.
Эндиликда ушбу қарорга асосан, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури амалга оширилади. “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ таянч банк этиб белгиланади. Банклар томонидан амалий ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, сертификат олган лойиҳаларгина ушбу Дастурга мувофиқ молиялаштирилади.
Дастурда иштирок этиш, ундаги воситалардан фойдаланиш, банклар томонидан соддалаштирилган тартибда қарор қабул қилиш, кредит шартномаларини расмийлаштириш, лойиҳани мониторинг қилиш Бизнес портал (https://biznes-portal.uz/) орқали амалга оширилади. Микрокредитбанк ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги биргаликда “Касаначилар мактаби”ни ташкил этади.
Эслатиб ўтиш жоиз, Дастурда Агробанк иштирок этмайди, ҳамкор банклар сифатида Микрокредитбанк ва Халқ банк иштирок этади.
Хўш, ушбу лойиҳада кимлар иштирок этиши мумкин?
Мазкур лойиҳада камида 1 йил узлуксиз фаолият юритиб келаётган ЯТТлар, деҳқон хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилганлар, ҳунармандлар, касаначилар, шунингдек, уч ва ундан ортиқ кишини доимий иш билан таъминлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат таълим ташкилотлари ҳамда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ўз бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириб, ижобий кредит тарихига эга юридик ва жисмоний шахслар иштирок этиши мумкин.
Янги қарорга асосан кичик бизнес вакиллари қандай молиявий қўллаб-қувватланади?
Юқорида номи келтирилган ҳужжатга асосан, кичик бизнес субъектлари қуйидаги кўринишларда молиявий қўллаб-қувватланади. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағлар учун револьвер тарзда 3 йилгача муддатга йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади ва (ёки) асосий воситаларни сотиб олиш учун лизинг берилади. Бунда 100 миллион сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 миллион сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш имконияти назарда тутилади.
Шунингдек, сўнги 12 ойда айланма маблағлари миқдори 500 млн. сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлган ҳамда камида 5 нафар кишини доимий иш билан таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истаги бўлган истиқболли лойиҳаларига асосий воситаларни сотиб олиш учун 24 ойлик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 1 млрд. сўмгача кредитлар ажратилади.
Шу билан бирга, 24 ойдан ортиқ фаолият кўрсатаётган ва охирги 12 ойда айланма маблағлари миқдори 1 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлган ҳамда камида 10 нафар кишини доимий иш билан таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истаги бўлган истиқболли лойиҳаларига асосий воситаларни сотиб олиш учун 24 ойлик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 1,5 млрд. сўмгача кредитлар ажратилади.
Қолаверса, 24 ойдан ортиқ фаолият кўрсатаётган ва охирги 12 ойда айланма маблағлари миқдори 1 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлган ҳамда камида 10 нафар кишини доимий иш билан таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истаги бўлган истиқболли лойиҳаларига асбоб ускуналар, технологик жиҳозлар ва махсус техникаларни сотиб олиш учун 24 ойлик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 1,5 млрд. сўмгача лизинг хизматлари кўрсатилади.
Бундан ташқари, 24 ойдан ортиқ фаолият кўрсатаётган ва охирги 12 ойда айланма маблағлари миқдори 1 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлган ҳамда камида 10 нафар кишини доимий иш билан таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истаги бўлган истиқболли лойиҳаларига асбоб ускуналар, технологик жиҳозлар ва махсус техникаларни сотиб олиш учун 24 ойлик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 1,5 млрд. сўмгача фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қарзга берилади.
Энг муҳими, 24 ойдан ортиқ фаолият кўрсатаётган ва охирги 12 ойда айланма маблағлари миқдори 1 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлган ҳамда камида 10 нафар кишини доимий иш билан таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истаги бўлган истиқболли лойиҳаларига бўш турган давлат мулки объектлари ва ер майдонлари, асбоб-ускуналар, бино-иншоотлар ва бошқа кўринишдаги моддий активлар билан 20 фоизгача, бироқ 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган қийматда улушдор бўлиб иштирок этиши назарда тутилган. Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, юқори технологик стартап лойиҳаларига давлат илмий дастурлари доирасида 2 миллиард сўмгача грант маблағларини ажратиш назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда кичик бизнесни ривожлантиришга бўлган эътибор туфайли бу соҳа йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Ҳеч муболағасиз, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотивига айланмоқда. Давлатимиз иқтисодий тараққиётини уларнинг фаолиятисиз тасаввур этиш мушкул. Аслини олганда, кичик бизнеснинг ривожланиши иқтисодиётдаги фаол ва самарали рақобат муҳити учун қулай шарт-шароитларни яратиш, истеъмол секторини кенгайтириш орқали талабни рағбатлантириш, истеъмол бозорини товар ва хизматлар билан тўлдириш, бюджет тушумларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА