Ўзбекистонда миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилади

Тошкент шаҳри атмосфераси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан 15 та автоматик станция орқали мониторинг қилинади.
Мониторинг давомида ҳаводаги чанг, олтингугурт диоксиди, азот диоксиди, азот оксиди, углерод оксиди, фенол, фтор водород, аммиак, формальдегид, оғир металлар, PM10 ва PM2,5майда зарралари кузатиб борилади.
Атмосферанинг ифлосланиши ҳақидаги маълумотлар Экология вазирлигининг сайтига интеграция қилинди. Мазкур маълумотлар IQAir веб-сайтида ҳамда “Ўзгидромет”нинг monitoring.meteo.uz платформасида ҳам бериб борилади. Сайтдаги ҳавонинг ифлосланиши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўрсатмалари (ЖССТ) билан таққосланади.
Айни дамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати мониторинги бўйича миллий платформа ва мобиль иловани ишлаб чиқишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра, ҳаводаги майда заррачалар миқдори ва уларнинг аҳолига таъсири бўйича миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган 2023 йилда лойиҳа доирасида Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг атмосфера ҳавоси ифлосланишидан касалланиш даражасини ўрганиш ишлари бошлаб юборилган.
Ўрганишларга кўра, сўнгги йилларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб бормоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги чанг рухсат этилган максимал концентрациядан 1,3 баравар ошиб кетган. Шу билан бирга, ўтган 2023 йилда Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар маълумотларига асосан энг ифлосланган ой январь ойи бўлган. ЖССТ тавсияларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши саломатлик учун хавфли бўлиб, инсульт, юрак-қон томир касалликлари, нафас олиш тизими хасталиклари ва ўпка саратонини келтириб чиқаради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА