Урганч давлат педагогика институти талаба ва ўқитувчилари энди Хитойга бориб малака оширади

271

Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном провинциясидаги Урумчи шаҳрида биринчи Ўзбекистон – Хитой минтақалараро форуми бўлиб ўтди. Форумда Ўзбекистоннинг барча вилоят ва ҳудудлари раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар иштирок этди. Шунингдек, вазирликлар, идоралар, ОТМлари, саноат бирлашмалари, холдинг компаниялари раҳбарлари ҳамда икки мамлакатнинг 1200 дан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди.

Форум якунлари бўйича Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ва Хитойнинг тегишли провинциялари ўртасида иқтисодий, савдо, таълим ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Хусусан, форумда иштирок этаётган Урганч давлат педагогика институти ректори Феруза Мадраҳимова Хитойнинг кўплаб ОТМлари билан ҳамкорлик масалаларида музокаралар олиб борди. Жумладан, Шэньси педагогика университети ва Шинжон педагогика университетлари билан меморандумлар имзоланиб, илмий ва ўқув йўналишларида қатор амалий ишлар режалаштирилди. Келгусида ушбу ОТМлар билан академик ва илмий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, уларнинг стажировка ва малака оширишини йўлга қўйиш, таълим соҳасидаги ўзаро тажрибаларни ўрганиш, илмий дастур ва лойиҳаларни ташкиллаштириш, талабалар алмашинувини жорий этиш режалаштирилди.

Шунингдек, хорижий филология йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун иккинчи тил сифатида хитой тилини ўқитиш ҳамда ушбу ОТМлардан УрДПИда шартнома асосида ишлаш учун профессор-ўқитувчиларни жалб этиш масалалари бўйича келишувларга эришилди.

 

ЎзА