Ўзбекистон парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили бошчилигидаги делегация Германияда

257

Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни ва 2024 йилда ривожланишнинг устувор йўналишларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Германияга ташрифи доирасида ташкил этилган мазкур давра суҳбатида Германия парламенти – Бундестагнинг депутатлари, “Германия-Ўзбекистон” дўстлик жамияти аъзолари, жамоатчилик, ишбилармон доира вакиллари, экспертлар, журналистлар ва ватандошлар иштирок этди.

Элчихонамиз тақдим этган маълумотга кўра, учрашувда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ва делегация аъзолари ислоҳотлар жараёнида қонунчилик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган ўзгартишлар ва уларнинг Инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги роли тўғрисида маълумот берди. Унда мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, уларнинг Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги мазмун моҳияти, амалдаги ижроси бўйича эришилаётган натижаларга аҳамият қаратилди.

Унда Бундестагнинг “Германия-Марказий Осиё” Парламент қўмитаси раиси О.Шмидтнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг бугун тез суръатларда ривожланиб бораётгани, айниқса, барқарорлик, аҳоли фаровонлик даражасининг ошиб бориши ва тараққиёт учун яратилаётган шарт-шароитларни мамлакатнинг энг катта ютуғидир. Депутат Германия Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, тадбирда “Германия – Ўзбекистон” дўстлик жамиятининг раиси К.Дьюркоп икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар хусусида тўхталиб ўтди.

– Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда иштирок этаётганимдан хурсандман. Ушбу давра суҳбати Ўзбекистонни германияликларга янада танитишга ва ҳамкорликка чорлашга хизмат қилади. Фаолиятим доирасида Ўзбекистонда икки маротаба бўлдим. Икки давлат раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган олий даражадаги ўзаро ташрифлар Германия учун Ўзбекистон, қолаверса, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликнинг муҳимлигидан далолат беради. Тадбирда Ўзбекистон бугун ҳуқуқий, демократик, дунёвий ва ижтимоий давлат қуриш йўлида дадил қадамлар билан ривожланиб бораётганидан хабардор бўлдик. Биз Ўзбекистоннинг бошлаган барча ислоҳотларини амалга оширишда қўллаб-қувватлаймиз ва олдинга қўйган барча мақсадларига эришишида муваффақиятлар тилаймиз, – деди Германия Бундестаги депутати, парламентнинг ташқи алоқалар қўмитаси, Марказий Осиё, Шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бўйича масъул вакили Андреас Ларем.

„Taxi-und Mietwagenverband Deutschland“ транспорт компаниясининг мененджери Патрик Майнхардтнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг муҳим мамлакат. Давлатларимиз ўртасида узоқ йиллардан буён мустаҳкам ва дўстлик алоқалари мавжуд ва бу муносабатлар ўзаро ишончга асосланади.

– Мен доим ҳамюртларимни бир маротаба бўлса ҳам юртингизни бориб кўришга, меҳри қайноқ инсонлари, бой маданияти ва кўҳна тарихи, меҳмондўстлигини ўз кўзлари билан кўриб келишларига чақираман. Германия Ўзбекистон билан сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Германиянинг галдаги вазифаси Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга локомотив сифатида ўз ҳиссасини қўшишдир, – деди у.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон – Германия икки томонлама муносабатларини шу каби тадбирлар орқали фаоллаштириб туриш аҳамиятлидир. Ўзбекистонда бугун қонунчилик соҳасидаги ўзгаришлар, ҳуқуқий ва мустаҳкам ижтимоий давлат қуриш йўлида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида юқори даражадаги парламент делегациясининг Германияга ташрифи уюштирилгани ҳар жиҳатдан катта мазмун касб этади. Бу, ўз навбатида, икки мамлакат ўртасида кўп қиррали алоқаларга кенг йўл очишга хизмат қилади.

 

Н. Зиёдуллаева, ЎзА