Сўнгги 6 йилда хориждан қарийб 50 миллиард доллар инвестиция киритилган

241

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, дастлаб 18 январь куни Президентимиз раислигида 2024 йилда инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, партия ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган асосий вазифалар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг қамровли ишлар натижасида иқтисодий соҳада ўзига хос янгиланишлар юз бераётгани, ўсиш кузатилаётгани алоҳида таъкидланди.

—Мамлакат иқтисодиётини тараққий эттиришда инвестицияларнинг ўрни беқиёс, — деди фракция раҳбари Актам Ҳаитов. — Партиямиз ҳам Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш, саноатнинг юқори технологияли тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинишини рағбатлантириш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришга йўналтирилган фаол инвестициявий сиёсат юритилиши тарафдори. Зеро, иқтисодиётда инвестицияларни кенг миқёсда жалб этишга эришиш кўплаб соҳалар, тармоқлар ҳамда ҳудудларга янги технологиялар, юксак малакали мутахассислар кириб келишига, энг муҳими, тадбиркорликнинг жадал ривожланишига пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Сўнгги олти йилда юртимизга хориждан қарийб 50 миллиард доллар инвестиция киритилган, биргина ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳам, саноат ҳам 6 фоизга ўсган.

Йиғилишда берилган топшириқлардан келиб чиқиб, бу борада партия ва унинг фракцияси олдидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш ва улардан самарали фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, республикамизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг дала четларида 34,5 минг гектар ҳамда коллектор-дренажлар атрофида 24,5 минг гектар ер майдонлари мавжуд. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ерларни фойдаланишга киритиш орқали қўшимча 340 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имкони юзага келади. Аммо бу майдонлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асоси яратилмагани сабабли ушбу ерлардан самарали фойдаланилмаяпти.

Шу боис мазкур қонун лойиҳаси билан ишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четидаги ҳамда коллектор-дренажлар ва суғориш тармоқлари атрофидаги майдонларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун иккиламчи ижарага бериш ҳамда унинг муддатини 1 йилдан 10 йилгача узайтириш механизмини жорий қилиш таклиф этилмоқда.

Депутатлар партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА