Инсон қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланмоқда

320

Мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, тузалиш йўлига ўтишини таъминлаш ҳамда ижтимоий мослашувини жадаллаштириш орқали уларда қонунга итоаткорлик, жамиятга, меҳнатга, ижтимоий қоидалар ва анъаналарга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш туйғусини шакллантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда маҳкумларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш даражаси оширилди, уларни қийноққа солишнинг олдини олиш механизмлари яратилди. Маҳкумларнинг жазони ижро этиш колонияларидаги ҳуқуқлари кенгайтирилди.

Эндиликда озодликдан маҳрум этилган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Мазкур тартибни ўзида акс эттирган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида муҳокама қилинди.

Президентимизнинг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум этилган шахслар билан инсонпарварлик тамойили асосида муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашга оид нормалар киритилмоқда.

Таъкидландики, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кўзланган мақсадларга эришишга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари яратилишига, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА