“Қайта алоқанинг сирли мижози” вазирлик ва ҳокимликлардаги камчиликларни аниқлади

286

Фармон ва ижро

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотларининг қайта алоқа тизими самарадорлиги даражасини баҳолаш вазифаси юклатилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида йўлга қўйилган қайта алоқа тизимларининг самарадорлиги даражаси, шунингдек, “Ишонч телефони” фаолиятининг  сифати “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбири орқали ўрганиб борилмоқда.

Бундай тадбирлар орқали қайта алоқа тизимининг самарадорлиги даражаси телефон қўнғироқларга ўз вақтида жавоб берилиши, алоқа рақамлари орқали ариза, таклиф ва шикоятлар қолдириш имконияти яратилгани, шунингдек, мурожаат этувчиларга реал вақт режимида ўзлари масъул бўлган соҳага оид тушунтириш ва юридик маслаҳатлар бериш механизми жорий этилгани баҳоланмоқда.

Жумладан, 2024 йил 10-16 январь кунлари давомида 21  вазирлик ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масофавий мониторинг тартибида ўрганилди.

Ўрганишларда қатор вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтларда эълон қилинган идоравий алоқа (“Ишонч телефони”) рақамлари орқали бир неча бор боғланишга  ҳаракат қилинганда, қўнғироқлар жавобсиз қолдирилди.

Айримларида эса “Ишонч телефони” хизмати фаолияти регламенти”га мувофиқ, телефон қўнғироқларини қабул қилиш узлуксиз (дам олиш кунларисиз) туну кун 24/7 режимида амалга оширилиши тўғрисида маълум қилинган бўлса-да, ўрганиш давомида мазкур алоқа рақамлари ишчи ҳолатда эмаслиги аниқланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, шу каби қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида юқоридаги каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш бўйича таъсир чоралари кўрилди.

Яъни 6 та вазирлик (Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Қишлоқ хўжалиги, Транспорт, Энергетика ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) ва 2 та вилоят (Андижон, Наманган) ҳокимлигига тақдимномалар киритилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА