Мулоқот мавзуси: “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” (+видео)

328

Тошкент шаҳрида “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” мавзусидаги мулоқотлар бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Халқаро “Search for Common Ground” ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган икки кунлик тадбирда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган турли диний конфессиялар вакиллари, ННТ фаоллари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, юртимизда миллий маданияти, тили, урф-одати, ўз турмуш тарзига эга бўлган турли динларга эътиқод қилувчи миллатлар яшаб келаётганини ҳисобга олсак, бу муҳим мавзу ҳисобланади.

Глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик, динлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи ривожланган ва ривожланиб бораётган мамлакатларнинг тинчлиги ҳамда тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири ҳисобланади. Тадбирда бағрикенглик тушунчаси, мамлакатимиздаги турли динлар илдизлари, тарихи ва бугунги кундаги ривожланиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Динлараро муносабатларнинг моҳияти ҳамда вазифалари, қонуний асослари, тарихий жиҳатлари, бу борада юзага келиши мумкин бўлган зиддиятлар, уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида муҳокамалар олиб борилди. Дастлаб соҳа вакиллари иштирокида экспертлар маслаҳатлашуви ўтказилди.

Шундан сўнг ОАВ вакиллари билан ташкил этилган мулоқотда иштирокчиларга бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик мавзусида ролик намойиш этилиб, динлараро низоларни оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг ахлоқий жиҳатлари муҳокама этилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик йўналишида касбий малакаси ва кўникмаларини шакллантиришдан иборат. Шу мақсадда 2023 йил октябрь – декабрь ойларида Нукус, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона, Урганч ва Тошкентда журналистларни малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилди. Бугун Тошкентда ташкил этилган мулоқотлар эса лойиҳада режалаштирилган тадбирларнинг навбатдагиси ҳисобланади.

Пойтахтимизда ўтаётган давра суҳбатларида медиада толерантлик муҳитини ривожлантиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилиши ҳам назарда тутилган.

М.Турдалиева, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА