Хитойда Ўзбекистон тўқимачилик саноати ваколатхонаси очилади

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Урумчида Ўзбекистон тўқимачилик делегацияси учун махсус Хитой пахта ва тўқимачилик савдо марказининг танишув тақдимоти ўтказилди. Тақдимот доирасида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг ваколатхонаси очилиши бўйича келишувга эришилди.
Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси ҳудудида Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарининг 3 та савдо уйи фаолият кўрсатмоқда. Учрашувда қайд этилганидек, Хитой Ўзбекистонга тўқимачилик маҳсулотларини импорт ва экспорт қилувчи давлатлардан биридир. Ўзбекистон Хитойга ип-калава экспорт қилади. Хитой асосан сунъий ва синтетик толалар импорт қилади.

Учрашувда хитойлик тадбиркорлар таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, тўқимачилик соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистон маҳсулотларининг доимий кўргазмасини ташкил этишни назарда тутувчи 2024-2025 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси»ни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

–Жорий йилнинг март ойида Хитойнинг Урумчидаги Пахта ва тўқимачилик савдо марказида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг доимий ваколатхонасини (офис майдонларини бепул тақдим этган ҳолда) очиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши муҳим воқеалардан бири бўлди. Урумчидаги Пахта ва тўқимачилик савдо маркази пахта экишдан то тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган тадқиқотларни ўтказиш, саноатни рақамлаштириш, пахта ва тўқимачилик маҳсулотларини сертификатлаш тизимини яратиш ва бутун саноат занжирининг бирлигини таъминлаш учун ташкил этилган. Яна бир бор ишонч ҳосил қилишимиз мумкинки, Ўзбекистон тўқимачилик саноати мамлакат иқтисодиётининг драйвери ва бошқа давлатлар билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатиш механизми ҳисобланади, – деди уюшма ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА