Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофоти таъсис этилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофотини таъсис этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, эстрада йўналишида фаолият олиб бораётган истеъдодли ёш хонандалар учун Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофоти таъсис этилади.
Қарор билан Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофотига тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича ташкилий қўмита таркиби, шунингдек, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофоти тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофоти эстрада йўналишида ном қозонган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини ижро қилиш, шу асосда янги асарлар яратиш каби жараёнларда юқори натижаларга эришган ижодкорлар, шу жумладан, олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларга танлов асосида берилади.
Мукофот учун танловни юқори савияда ўтказишга Маданият вазирлиги – масъул ташкилот, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон композиторлар ва бастакорлар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси – ҳамкор ташкилотлар ҳисобланади.
ЎзА