Хитой адабиёти ҳақида ўйлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга сафари олдидан
Дунёдаги аҳолиси кўп ва ривожланган давлатлардан бири Хитой ҳақида сўз кетганда унинг неча минг йиллик тарихга эга адабиёти, бетакрор санъати, мафтункор маданияти ва бой маънавий ҳаёти кўз ўнгингизда яққол гавдаланади.

Айниқса, классик насри ва шеърияти, бугунги Хитой адабиёти ҳар жиҳатдан ҳавас қилса арзигулик, мақтовга моликдир.
Мабодо қайиқдан ташлаб қолсанг кўз
Тулпорлар шаклида гўёки тоғлар.
Ажиб бир уюрдек чўзилиб кетган,
Юз йилқи – елаётган юз чўққи каби.
Таниқли Хитой шоири Су Шининг бу олов сатрлари тоғлар ҳақида, унинг гўзал табиати хусусида тугал тасаввур ҳосил қилишингизда кўмакка келади. Тимсоллар шеър бадиийлигини таъмин этган. Лирик қаҳрамон ўйлари табиий тасвирланган. Риторикадан йироқ сатрлар ўқувчини лол қолдиради.
Талантли ўзбек шоирларидан бири Турсун Али таржимасида эълон қилинган ўнлаб шеърлар узоқ йиллик анъаналарга бой Хитой шеърияти ҳақида фикру тушунчаларимиз кенгайишига ёрдам беради.
Элга танилган Хитой шоири Лу Юнинг шеърлари янада жозибали. Унда муаллиф изтироблари, дарду аламлари жонли мисраларда ифодаланган.
Ичим тўлиб кетди, хўрсинаман, оҳ,
Кўнглимни шод этмас бу азим дунё.
Мақсадсиз кечган саргардонликлар
Сўнггида кўринмас бирорта мурод!
Замҳарир кунлар келибди, мана,
Кўриниб қолгандай йилнинг адоғи.
Бундан ташқари, Хитой мумтоз шеърияти ҳақида ҳам талай фикрлар билдириш мумкин. Бу гўзал юрт ижодкорлари турли мавзуларда асарлар яратиб, шеърият мухисларига тақдим этишаётир. Хусусан, Лю Чжень, Се Ан, Гу Кайчжи, Се Линь Юнь, Бао Чжао яратган ажойиб ашъорлар хусусида ҳам илиқ фикрлар билдириш мумкин.
Хитой шеъриятини кўп йиллардан буён кузатиб келяпман. Ундаги турли услублар ўзига хослиги жиҳатидан характерлидир. Сиз Хитойда яратилган илк шеърий тўпламни биласизми? ”Ши Цзин” (“Қўшиқлар китоби”)дан дунёдаги миллионлаб адабиёт мухлислари баҳра олмоқдалар. Бу асар жаҳонга танилган донишманлардан бири Конфуций томонидан тузилганлигини кўпчилик билмаса керак.
Мумтоз ва замонавий етук тадқиқотчи Илья Смирновнинг таъкидлашича, Хитой шеърияти дунёдаги энг қадимий шеъриятлардан биридир. Эрамизгача бўлган иккинчи мингйилликдан буён яшаб келаётган бу поэзия ХХ аср бошларига қадар ташқи кўринишини деярли йўқотмаган. Демак, бундай шеъриятни теран англаш ҳам осон кечмайди. Бунинг учун ўқувчи ўзини тайёрлаши лозим. Хитой шеъриятининг бахти шундаки, ўқувчи у билан уч минг йилдан буён айрилмай келаётир. Мумтоз таълим барча анъанавий маданиятларни билишни талаб этади. Бунинг устига энг муҳим матнларни ёддан ўқий билиш шарт. Қадимги Хитойда шеър ёза билиш давлат миқёсида мартабага эришиш учун мажбурий дастурларга киритилган эди.
Атоқли шоирлардан бири Ли Бонинг асарлари китобхонларга кўп йиллардан бери манзур бўлиб келяпти. Шоирнинг қуйидаги сатрлари ҳар жиҳатдан мақтовга моликдир.
Тиниқ ой шуъласи чодирга тушар,
Оппоқ қировларга ўхшайди бу зар.
Бошимни кўтариб, ойга қарасам,
Юртим ёдга тушар, бошим эгилар…
Хитойда назм билан бир қаторда наср ҳам шиддат билан ривожланиб бораётир. Ҳар йили бир қатор умидли, талантли ёзувчиларнинг янги-янги асарлари – ҳикоялар, қиссалар, романлар дунёга келяпти.

Бу ҳақда сўз кетганда Нобель мукофоти соҳиби Мо Яннинг китоблари ёдга тушади. У “Мусаллас ўлкаси” романи учун Нобель мукофотига сазовор бўлган. Етмиш ёшни қоралаётган машҳур адибнинг “Қип-қизил тентак” (Қизил Гаолян), “Сандал дарахти ўлими”, “Қурбақалар”, ”Ҳўкизлар”, “Саримсоқ балладаси” сингари бадиий жиҳатдан пишиқ китоблари мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Унинг асарлари қаҳрамонлари ҳаётийлиги жиҳатидан ажралиб туради. Персонажларнинг ички дунёси психологик таҳлил қилинганлиги, диалоглар ёрдамида образларнинг индивидуал характерлари очиб берилганлиги диққатга сазовор.
Мо Яннинг ижод ва ҳаёт ҳақидаги ўйлари, айниқса, характерлидир. Унинг Нобель маърузасидаги фикрлари ҳамон кўпчилик зиёлиларнинг маънавий оламини бойитишда, адибларнинг маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этаяпти. ”Телевидение ёки интернет орқали барча ҳозир бўлганлар у ёки бу даражада, эҳтимол, Хитойнинг шимоли-шарқида жойлашган менинг олис ватаним Гаоми ҳақида тасаввур ҳосил қилган бўлсангиз керак. Эҳтимол, сизлар менинг тўқсон яшар отамни, акаларим ва опаларимни, хотиним, қизимни ва бир йилу тўрт ойга тўлган қиз набирамни кўргандирсизлар. Аммо айни дамда ҳаммадан кўп ўйлаётганим – онажонимни энди кўрмайсизлар. Менга мана шу мукофот берилгандан бери онамдан бошқа жуда кўп кишилар шуҳратимни баҳам кўрдилар”. Машҳур адиб Нобель маърузасида ўз ҳаёти, кўнглидан ўтган фикрлару, изтиробга солган воқеа-ҳодисаларни қаламга олади.

Атоқли муаллифнинг “Мусаллас ўлкаси” романи “Жаҳон адабиёти“ журналида эълон қилинганига бир неча йил бўлди. Мен дарҳол журналнинг тегишли сонларини топиб, йирик жанрдаги насрий асарни ўқишга киришдим. Ундаги воқеалар кишини лол қолдиради, ўқувчини ниҳоятда қизиқтиради. Қаҳрамонларнинг тақдири, хатти-ҳаракатлари ва ўй-ташвишлари сизни ҳаяжонга солади. Асар сюжети ҳам ниҳоятда қизиқарли.
Хитой драматургияси, адабий танқидчилиги ва фольклори ҳақида ҳам илиқ сўзларни билдириш мумкин.
Хитойда ўзбек адабиёти, Ўзбекистонда Хитой адабиёти кунлари тез-тез ўтказилиб турилса, икки халқ адабий алоқалари янада мустаҳкамланишига шубҳа йўқ.
Юртимизда хитой тилини ўрганиш яхши йўлга қўйилган. Хитойлик шоир ва ёзувчиларнинг кўплаб насрий ва шеърий асарлари ўзбек тилига янада кўпроқ таржима қилиниши, Хитой адабиёти ва санъати ҳамда маданияти намояндаларининг учрашувлари ўтказилиб турилса янада ижобий самаралар беришига шубҳа йўқ.
Жовли ХУШБОҚОВ,
ЎзА мухбири