Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши соҳасида Ўзбекистон ва Хитой самарали ҳамкорликда

292

Бугунги кунда экологик муаммолар нафақат биргина мамлакатнинг, балки бутун жаҳон муаммосига айланиб бормоқда. Шу маънода Ўзбекистон Хитой билан кўплаб соҳаларда бўлгани каби экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши борасида ҳам самарали ҳамкорлик олиб бормоқда.

Маълумотларга таянадиган бўлсак, шу кунга қадар бир нечта лойиҳалар бўйича изчил ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, 2007 йил 3 ноябрда Хитой Халқ Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат бошқармаси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

2019 йилда эса Орол денгизи халқаро инновация маркази ва Хитой Фанлар академияси қошидаги Шинжон Экология ва география институти ўртасида Орол денгизи минтақасида илмий ҳамкорликни ривожлантиришга борасида келишувга эришилган.

Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси қум бўронлари ва чўлларни назорат қилиш бўйича миллий кенгаши раиси Ан Фендзининг Самарқандда ўтказилган (CRIC-21) — БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессиясида иштирок этиши ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги яна бир муҳим қадамга айланди.

Бундан ташқари, Ан Фендзи ва Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ўртасидаги учрашув ўтказилиб, ерларнинг деградацияси ҳамда барқарор ер бошқаруви бўйича тадқиқотлар олиб бориш, тажриба алмашиш ва Ўзбекистоннинг чанг, қум бўронлари хавфи юқори бўлган ҳудудларида қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Якунда чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашиш соҳасида илмий-амалий ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ишлаб чиқиш ҳамда имзолаш орқали тез орада яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган.

Бундан ташқари, 2023 йилда Экология вазирлиги ходимлари Хитойда тажриба алмашиш бўйича ўқув дастурларида иштирок этишди, бу эса ходимларга ўз билим ва кўникмаларини кенгайтириш имконини берди. Қолаверса, бугунги кунда Хитой билан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) ҳамда Қор қоплони ва унинг экотизимини сақлаш бўйича глобал дастур (GSLEP) каби халқаро платформалар доирасида ҳамкорлик қилинмоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Дарҳақиқат, Хитой унумдор тупроқларни табиатнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишга ёрдам берувчи экологик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Чўлланишга қарши курашиш ва экотизимларни тиклашда ҳам катта тажрибага эга.

Хусусан, сўнгги 10 йилда “Уч шимол” лойиҳаси доирасида ўрмонлар майдони 33,3 миллион гектардан ортиқроққа кўпайди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойдан Ўзбекистонга илк бор чиқинди ташийдиган электромобиль олиб келинди ҳамда Хитой ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари билан экологик тоза бинолар қуриш, чиқиндиларни қайта ишлаш масалалари муҳокама қилинди.

Марҳабо Мадаминова, ЎзА