Болалар ва меҳрибонлик уйларининг ижтимоий ҳимояси мустаҳкамланади (+видео)

286

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлатимиз томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хабарингиз бор, 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб Болалар уйлари, Меҳрибонлик уйлари, Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари ҳамда оилавий болалар уйлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги” фармонида келтирилган.

Бунга қадар Болалар уйлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳрибонлик уйлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари ҳамда оилавий болалар уйлари эса маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тасарруфида бўлган.

Ушбу муассасаларни агентлик тизимига ўтказишдан асосий мақсад, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш йўналишида ягона давлат сиёсати ва бошқарув тизимини яратиш экани келтирилган.

Инсон ҳуқуқлари демократик-ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир. Сўнгги йилларда юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг манзилли ижтимоий мухофазасини кучайтириш, уй-жой-маиший ва бошқа яшаш шароитларини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар қилинди ва бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи ҳамма вақт долзарб бўлиб келган. Юртимизда кам таъминланган оилалар, аёллар, ёшлар, кексалар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилаётгани мамлакатимизда ҳар инсон давлатнинг эътиборида, ҳимоясида эканлигидан далолат беради.

М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА