Ўзбекистон ва Вьетнам: жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдамга оид Шартнома ратификация қилинмоқда

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Вьетнам Социалистик Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Ханой, 2022 йил 14 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонунда жиноий ишлар текширилиши ва бошқа процессуал ҳаракатлар олиб борилиши муносабати билан юридик ёрдам кўрсатишнинг асослари ва шартлари назарда тутилмоқда.
Хусусан, сўровларнинг шакли ва мазмуни, ёрдам кўрсатишни рад этиш ёки кечиктириш асослари, сўровларни бажариш, ҳимоя чоралари, хавфсизлик кафолатлари, шунингдек, жиноий таъқибни давом эттириш учун ўтказиш каби муҳим масалалар бўйича қоидалар белгиланмоқда.
Шартноманинг ратификация қилиниши жиноий ишлар бўйича текшириш ва суд муҳокамасида икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга, шунингдек, жиноят содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонунга кўра, Шартнома икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда самарадорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Абдураимова, ЎзА