Эрон билан маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Шартнома ратификация қилинмоқда

227

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Эрон Ислом Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Шартномани (Теҳрон, 2023 йил 18 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Шартноманинг ратификация қилиниши жиноят содир этиш натижасида озодликдан маҳрум этилган Ўзбекистон ва Эрон фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташлари учун ҳуқуқий асос ва маҳкумларни топшириш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни амалга ошириш имкониятини яратади.

Шартнома 2023 йил 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Эронга расмий ташрифи давомида имзоланган эди.

Ҳужжатга кўра, мазкур Шартномани ратификация қилиш орқали унинг кучга кириши маҳкумларни топшириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириб, икки давлат ваколатли органларининг ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини оширади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун маҳкумларга жазони ўз юртида ўташи уларга яқин қариндошлари билан мунтазам кўришиб туриш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, оилавий муносабатларга ижобий таъсир кўрсатади, шунингдек, маҳкумларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишига ёрдам беради.

                                                        Н.Абдураимова, ЎзА