Қозоғистон 2024 йил 1 мартдан бошлаб UTC+5 ягона вақт минтақасига ўтади, деб хабар беради мамлакат Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати.
«Қозоғистонда ягона вақт минтақасини белгиловчи ўзгартиришлар ҳукуматнинг “Қозоғистон Республикаси ҳудудида вақтни ҳисоблаш тартиби тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган, – дейилади хабарда.
Қарорга кўра, тегишли вақтда Остона, Олмаота, Чимкент шаҳарлари, Ақмола, Олмаота, Жамбил, Қораганда, Костанай, Павлодарск, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Шарқий Қозоғистон, Абай, Еттисув ва Улитоғ вилоятлари ҳокимиятлари маҳаллий вақтни бир соат орқага суришлари лозим.
Айни пайтда Қозоғистонда UTC+5 ва UTC+6 номли иккита вақт минтақаси қўлланилади. Мамлакатнинг ғарбий ҳудудларидан ташқари, аксарият қисми UTC+6 зонасида жойлашган.
Олимларнинг фикрича, UTC+6 вақт минтақаси табиий қуёш вақтига мос келмайди, бу эса, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, экспертлар ҳам ягона вақт минтақасининг ўрнатилиши республиканинг турли ҳудудлари аҳолиси ўртасидаги вақт тўсиқларини бартараф этади, транспорт ва бошқа коммуникациялар ишининг мувофиқлашувини яхшилайди, бу эса бизнес юритиш, давлат органлари ва фавқулодда вазиятлар хизматларига ижобий таъсир кўрсатади, деб таъкидламоқда.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА