Сенат: инспектор-психологларга зарур ваколатлар берилади

Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларга ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ваколатлари берилмоқда.
Маълумки, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилган.
Лекин, таҳлиллар ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларида зарур ваколатлар мавжуд эмаслиги вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишига тўсқинлик қилаётганини кўрсатган.

Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳимоя ордери талабларининг бажарилишини назорат қилиш юзасидан ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг масъулиятини кучайтириш талаб этилади.
Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.
Мазкур моддага болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда, жамоат жойларида тамаки ёки алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганликда, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ваколатлари берилмоқда.
Мазкур масала юзасидан муносабат билдирган Сенат Раиси Т.Норбоева вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар сифатли ва малакали ташкил этилиши муҳимлигини қайд этди.
– Мазкур нормалар ички ишлар органларининг тегишли бўлинмалари зиммасига катта масъулият юклайди. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, айниқса, тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки шунга мойил бўлган шахслар билан ишлашда масъул ходимлардан билим ва малака талаб этилади. Шу боис кодексга киритилаётган ўзгаришлар бўйича масъул ходимлар ўқитилиши шарт. Ўйлайманки, тегишли тизимлар ходимларни ўқитиш дастурига хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган қонунларни алоҳида киритиб, доимий равишда уларнинг малакасини ошириб боради, – деди Сенат Раиси.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА