Жанубий Корея, АҚШ ва Япония биргаликда ўтказаётган ҳарбий машқларига норозилик белгиси сифатида Шимолий Корея сувости ядро қуроли тизими синовини амалга оширди, деб хабар тарқатмоқда мамлакатнинг марказий “Телеграф” агентлиги.

Таъкидланишича, АҚШнинг “Карл Винсон” атом авиаташувчиси, кўп вазифани бажарувчи “Aegis” жанговар тизимига эга “Принстон” крейсери, Япония ҳамда Жанубий Корея ҳарбий денгиз флотига қарашли  кемалар 15 январда Чечжу оролида қўшма ҳарбий ўқув машқларини ўтказган.

“Ўқув машқлари бизнинг хавфсизлигимизга жиддий хавф солди. Бунга жавобан, Шимолий Корея миллий мудофаа академияси ҳузуридаги сувости қуроллари тизими институти Япон денгизида “Хэиль-5-23” сувости ядровий қурол тизимини синовдан ўтказди”, — дейилади баёнотда.

Маълумот учун: КХДР “Хэиль” ва “Хэиль-2” тизимини ўтган йилда ҳам синовдан ўтказган эди.

ОАВ хабарларига кўра, ушбу “махфий қурол”, яъни, ядровий сувости дрони 2012 йилдан буён ишланмоқда ва сўнгги икки йил ичида 50 дан зиёд синов амалга оширилган.