Экологик маданият оилада шаклланади

562

Инсонларнинг экологик маданиятини юксалтириш бугун авж олаётган экомуаммоларни бироз бўлса-да юмшатишга, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга хизмат қилади. Экологик маданият эса аввало, оилада — болаликдан шаклланади.

Бугун Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, партия ва қўмита ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда экологик муаммо XXI асрнинг энг кескин, ўта долзарб, инсониятни энг кўп ташвишга солаётган муаммолардан бири эканлиги ҳақида сўз юритилди. Ҳатто умуминсониятга келтириши мумкин бўлган салбий оқибатлари бўйича ядро ҳалокатидан кейинги ўринда туриши таъкидланди.

— Экологик барқарорликка эришишда, аввало, барча фуқаролар, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодда экологик маданиятни шакллантириш муҳим, бунда эса хотин-қизларнинг ўрни беқиёсдир, — деди А.Ҳамзаев. —  Биз экологик маданиятни юксалтириш ҳакида жуда кўп ўйлаяпмиз. Бунинг илдизи, биринчи навбатда, табиатни асраш билан боғлиқ кўп асрлик анъана ва қадриятларимиз, маънавий меросимизга содиқлик, қонунларга ҳурмат ва итоат билан қарайдиган фуқароларни тарбиялашдир. Шарқона қадриятларимизда оила муқаддас. Оилавий тарбиянинг муҳим таркибий қисмларидан бўлган экологик тарбия ёшларни ҳар томонлама камол топтириш ва уни фаол ҳаётга тайёрлаш учун кенг имкониятга эга. Оилада фарзандларимиз тарбияси кўпроқ оналаримиз, сингилларимиз, келинларимиз, қизларимиз зиммасида. Шу сабабли ҳам биз оилаларда соғлом экологик муҳитни шакллантиришда оналар фаоллигини кучайтириш орқали экологик тарбияни сингдириш лозим деб ўйлаймиз, — деди партия раҳбари.

Ўз навбатида, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси О.Парпибоева ҳудудларда партия ва қўмита вакиллари иштирокида оилаларда экологик маданиятни тарғиб қилиш ва бу орқали мамлакатимизда экологик барқарорликка эришишга ҳисса қўшишдан мамнун эканлигини билдирди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида хотин-қизларнинг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларда партиядан сайланган 135 нафар аёл депутатлар фаолият олиб бораётгани, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”га партиядан сайланган 15 нафар аъзоларнинг 6 нафари хотин-қизлардан иборат эканлиги қайд этилди.

Меморандум доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” ҳам келишиб олинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА