НАТО Украинадаги вазиятга пессимистик баҳо бермасликка чақиради, аммо мўжизалар кутилмаслигидан ҳам огоҳлантирмоқда. Россиянинг Украинага қилган сўнгги ҳужумлари самарали эмас, – деб ҳисобланмоқда.
Шимолий Атлантика альянси давлатларининг олий ҳарбий раҳбарлари Украинадаги вазиятни батафсил ўрганиб чиқди.
“2023 йилда дунёда жуда оптимистик руҳ ҳукмрон бўлган бўлиши мумкин. Лекин 2024 йилда пессимистик руҳ бўлмаслиги муҳим”, деган НАТО ҳарбий қўмитаси раиси Роб Бауэр Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Унинг таъкидлашича, Россияда ҳам, Украинада ҳам “ҳозир вазият у ёки бу йўналишда унчалик силжимайдиган босқичда”.
“Россиянинг Украинага қилган сўнгги ҳужумлари ҳалокатли бўлишига қарамай, улар ҳарбий жиҳатдан самарали деб бўлмайди ва руслар ўзларининг ҳеч қандай стратегик мақсадларига эриша олмадилар”, деган у.
НАТО маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида Россиядан Украинага ўтказилган қуруқликдаги қўшинлар сони кўпайган, аммо уларнинг тайёргарлик даражаси жуда паст. “Улар жуда кўп танклар, зирҳли техникалар, самолётлар, вертолётларни йўқотдилар. Уларнинг бир қисмини қайта тикламоқдалар, лекин уларнинг кўпи эскирган моделлар”, – деган Бауэр.
Альянс маълумотларига кўра, Россиянинг ракета салоҳияти ўсиб бормоқда.
“Россия ҳарбий ҳаво кучлари, денгиз флоти, космик ва кибер қобилиятларига келадиган бўлсак, кўплаб йўқотишларга қарамай, улар ҳали ҳам жанговар ҳолатда”, – деган Бауэр қўшимча қилиб.
Алянснинг фикрича, Россия ҳарбий салоҳиятини тиклашга санкциялар, молиявий муаммолар ва замонавий қуролларни ишлаб чиқариш қувватларининг етарли эмаслиги тўсқинлик қилмоқда.
Ўз навбатида, Натонинг Европадаги бош қўмондони Кристофер Каволи Россия Федерацияси ўз бюджетининг катта қисмини ҳарбий эҳтиёжларга ажратаётгани ва мудофаа саноат базасини иложи борича тезроқ ишга тушираётганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Брюссель Россиянинг 300 минг аскари ҳалок бўлгани ва яраланганини, минглаб йўқ қилинган рус танклари ва зирҳли техникаларини, юзлаб самолётларини Украинанинг муваффақияти сифатида санаб ўтган.
“Украиналиклар ўз ерларининг салмоқли қисмини озод қилишга муваффақ бўлишди, русларни уруш бошида босиб олган 50 фоизга яқин ҳудуддан сиқиб чиқаришди. Яна бир афзаллик шундаки, украиналиклар Россиянинг асосий кучлари ва активларини йўқ қилиб, чуқур зарба бера олдилар. Украина ҳақиқий денгиз флотига эга бўлмаган ҳолда Россия Қора денгиз флотини сиқиб чиқариб, “дон йўлаги”ни очишга муваффақ бўлганлиги яна бир катта муваффақиятдир”, – дея хулоса қилади Бауэр.
К.Бекжонов тайёрлади, ЎзА