Сенат ялпи мажлиси ўз ишини бошлади

Бугун, 2024 йил 19 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Шу билан бирга, Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилмоқда.
Мажлис кун тартибига 15 масала киритилган. Улар орасида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар бор.

Шунингдек, “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама этилади.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига божхона тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилади.
“Ўзбекистон Республикаси билан Эрон Ислом Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Шартномани (Теҳрон, 2023 йил 18 июнь) ратификация қилиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси билан Вьетнам Социалистик Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Ханой, 2022 йил 14 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар маъқулланиши кутилмоқда.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани, Сув хўжалиги вазирининг ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотини эшитади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига яйловлар деградациясининг озиқ-овқат хавфсизлигига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсири юзасидан парламент сўрови юборилади.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосарини лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда кўриладиган барча масалалар ҳақида ЎзАнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА