“Европага стратегик мустақиллик керак”, деди Франция Президенти Эммануэль Макрон. Унинг таъкидлашича, дунёнинг парчаланиб кетишига ҳамда халқаро инқирозларга йўл қўймаслик учун Европага стратегик мустақиллик керак.

“Суверенитет ҳамкорлик ва альянслардан воз кечиш дегани эмас”, деган у Давос анжуманида сўзга чиқиб.

*** 

Европада НАТО бирлашган кучларининг собиқ бош қўмондони генерал Филипп Бридлав ғарбни Украинанинг Қримга зарба беришига ёрдамлашишга чақирди.

“Hill” нашрининг ёзишича, собиқ қўмондон “агар биз Украинанинг Қримга зарба беришига ёрдам берсак, Россия ярим оролдаги позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади”, деган.

*** 

Эквадор ҳукумати  жиноятчиликка  қарши ўтказилган кенг кўламли ҳарбий амалиёт пайтида қарийб икки минг кишини ҳибсга олди. Уларнинг 150 нафари терроризмда айбланмоқда, дейилади мамлакат президенти маъмурияти тарқатган хабарда.

*** 

Японияда жорий йил учун адабиёт бўйича энг нуфузли “Акутагава” мукофотини  олган 33 ёшли Риэ Кудан мукофотга лойиқ кўрилган романининг тахминан 5 фоизи сунъий интеллект орқали  яратилганини тан олди.

“Мазкур роман сунъий интеллект технологияси ёрдамида ёзилди, матнлар ChatGPT  орқали яратилди. Ижодимни янада кўпроқ ривожлантириш учун келгусида ҳам ушбу технологиядан фойдаланишни истардим”, деган муаллиф.

*** 

Иордания Суриянинг жанубига авиазарбалар берди. Натижада 11 киши, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлган, деб хабар тарқатди “РИА Новости” нашри. Хабарда айтилишича, авизарбалар чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси берилган.

*** 

Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул  штатида кучли довул туфайли миллиондан ортиқ одам электр таъминотидан узилиб қолди, деб ёзмоқда “G1” портали ҳудуд қутқарувчилари берган маълумотга таяниб.

“Табиий офат 1 кишининг ўлимига ва 12 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган, турар-жойлар ва кўплаб объектлар вайрон бўлган”, дейилади хабарда.

*** 

АҚШ президенти Жо Байден конгресс етакчиларини Украинага ёрдам бериш масаласи пайсалга солинаётгани Америка, НАТО ва “эркин дунё” хавфсизлигига таҳдид солади, деб огоҳлантирди.

Оқ уй маъмуриятининг маълум қилишича, сешанба куни у республикачилар ва демократлар партияси фракциялари раҳбарларини, вакиллар палатаси сенатнинг тегишли қўмиталари вакилларини  ёнига чақириб, Киев учун 61 миллиард долларлик навбатдаги ёрдамни маъқуллашни сўраган.

*** 

“Франция 2024 йил давомида ҳар ойда Украинага 50 тадан “AASM” авиабомбасини етказиб беради”, деди мамлакат мудофаа вазири Себастьян Лекорню “France Inter” радиостанцияси эфирида чиқиш қилиб.

Бундан аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Украинага 40 та “Scalp” ракетасини ваъда қилган эди

*** 

Финляндия президентлигига номзод Александр Стуб “Yle” телеканалида чиқиш қилиб “Россия урушда аллақачон ютқазган”, деди. Унинг таъкидлашича, Украина ҳали ҳам мустақил давлат ҳисобланади ва ЕИ аъзолигига қабул қилинади.

“Украина – мустақил давлат, у ўзини мудофаа қила олади, яқин келажакда ЕИ аъзоси бўлади, Ғарб уни қўллаб-қувватлайди, қачондир НАТОга қўшилади. Россия Украинани ўзиники қилмоқчи эди, бироқ у Европаники бўлди. Европа парчаланиб кетиши керак эди, лекин у қаттиқроқ бирлашди. Шу боис Россия урушда ютқазди”, – деди у.

*** 

Аргентинанинг янги ҳукумати БРИКС таклифини рад этди. Расмий Буэнос-Айрес фикрича, бирлашма иқтисодий мақсадларга эмас, балки сиёсий мақсадларга хизмат қилади, деди Аргентина ташқи ишлар вазири Диана Мондино Давос халқаро анжуманида.

***

IRNA ахборот агентлигининг ёзишича, Эрон Россияга ҳеч қачон дрон етказиб бермаган, шунингдек, Украинага ракеталар ҳам сотмаган, деди Эрон ташқи ишлар вазири Хусайн Амир Абдуллахиан Давос анжуманида.

“Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазирига айтганман ва Эрон ракеталари ва дронлари Киевга қарши ишлатилаётган бўлса далил келтиришини сўраганман”, деган Эрон дипломати.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА