Суд соҳаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баробарида фуқароларга ҳуқуқларини тушунтириш, англатишга ҳам масъул ҳисобланади. Бу борада тизим ходимлари халқ билан бевосита мулоқот қилишдан ташқари оммавий ахборот воситалари имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиб келмоқда.

Суд билан боғлиқ материаллар, айниқса, суд жараёнларини ёритишнинг ўзига хос мураккаб жиҳатлари бор. Шу нуқтаи назардан судлар ва журналистлар ҳамкорликда фаолият юритганда, ОАВда ёритилаётган мавзуларда хатоларга йўл қўйилмайди.

Масалан, иши судда кўриб чиқилаётган шахслар суд қарори ёки ҳукми эълон қилингунча ҳали айбли ҳисобланмайди. Суд жараёнини ёритаётган журналист эса бундай шахслар шахси очиқланмаслиги ёки фототасвирлари тарқатилишига сабабчи бўлмаслиги керак.

Пойтахтимизда Тошкент шаҳар суди ва Судьялар олий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбати суд тизимидаги ислоҳотлар: судлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги, муаммо ва ечимларга бағишланди.

Пойтахт судлари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳуқуқшунос-блогерлар иштирок этган тадбирда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда очиқлик ва шаффофлик тамойили устувор йўналишга айлангани қайд этилди.

Чунки мазкур тамойиллар судларга бўлган ишончни таъминловчи асосий омиллардан биридир. Аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, судлар фаолиятига оид холис ва тезкор ахборот тақдим этишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳам муҳим ҳисобланади.

Судлар фаолиятининг самарадорлиги жамиятнинг унга бўлган ишончига ва суд қарорларининг ҳуқуқий асосларини тўғри тушунишига боғлиқ.

Бу эса, суд ишлари оммавий ахборот воситаларида профессионал даражада ёритилишида суд идоралари ва журналистлар ўртасидаги конструктив ҳамкорлик зарурият даражасида эканини ҳам англатади.

Давра суҳбатида ижтимоий адолат барқарорлиги жамиятда ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий онг билан чамбарчас боғлиқ экани алоҳида таъкидланди. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳуқуқий тарғибот ишлари самарадорлигига ҳам боғлиқ. Ҳуқуқий тарғибот ишларини оммавий ахборот воситаларисиз самарали амалга оширишнинг эса деярли иложи йўқ.

Тадбирда суд ишларини ёритишнинг хос хусусиятлари, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш, бу жараёнда юзага келаётган айрим тушунмовчиликлар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари борасида фикр алмашилди.

Мутасаддилар томонидан пойтахт судлари томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар, суд ишларини кўриб чиқиш бўйича қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича ахборот берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА