Мамлакатимизда ер ресурслари, геодезия ва кадастр соҳасида амалга оширилаётган ишлар кўлами йил сайин такомиллаштириб борилмоқда. Кўчмас мулк объектларининг нотурар бино ва иншоотларга оид қисмига кадастр паспортини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш муҳим масала ҳисобланади. Хусусан, соҳадаги имтиёзлар, кадастр паспортини тайёрлаш нархлари, уни бепул расмийлаштиришга сабаб бўлувчи омиллар хусусида Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Бегзод Ражабовнинг фикрларига қизиқдик…

– Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг кадастр билан боғлиқ ишлари қулай ва осон ташкил этилаётганини тизимда амалга оширилаётган ишлар самараси дейишимиз мумкин. Бу борадаги янгилик ва ўзгаришлар, қонун талаблари хусусида доимий равишда фуқароларга тушунчалар бериб бормоқдамиз. Масалан, мурожаатлар асосида энг кўп тушаётган саволлардан бири — кадастр паспортини тайёрлаш, бунда давлат хизматлари нархлари хусусида бўлмоқда. Аввало айтишимиз мумкинки, кадастр паспорти учун тўловлар Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан белгиланган.

Дарҳақиқат, кўчмас мулк объектларининг турар-жой фондига оид қисмига кадастр паспортини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича маълум тартибларга кўра, кўп квартирали уйдаги квартираларга 3 иш куни мобайнида, якка тартибдаги турар жойларга 5 иш куни мобайнида — объектнинг 1 кв.м. учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,15 фоизи, яъни 3910 сўм маблағ ундирилади.

Мисол учун, айтайлик, сизнинг уйингиз 535 кв.м, Сиз унинг кадастр паспортини тайёрлаш учун ундириладиган маблағни қуйидагича ҳисоблашингиз мумкин. Уй-жой 535 кв.м.ни кўпайтирасиз БҲМнинг 1,15 фоизига, яъни бугунги кунда БҲМ 340 000 сўм бўлса, унинг 1,15%=3910 сўмга тенг. (535*3910=2 091 850) сўм кадастр паспорти учун тўлов қилиш зарур бўлади.

– Бугунги кунда кўчмас мулк объектларининг нотурар бино ва иншоотларга оид қисмига кадастр паспортини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича қандай тартиблар белгиланган?  

– Кўчмас мулк объектларининг нотурар бино ва иншоотларга оид қисмига кадастр паспортини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича ҳозирда қуйидаги тартиблар амалда: умумий майдони 100 кв.м.гача бўлган кўчмас мулкларга 5 иш куни мобайнида — БҲМнинг 1 баравари, яъни 340 000 сўм, умумий майдони 100 кв.м.дан 1000 кв.м.гача бўлган мулкларга 7 иш куни мобайнида — объектнинг 1 кв.м. учун БҲМнинг 1,15 фоизи, яъни 3910 сўмдан, умумий майдони 1000 кв.м.дан 5000 кв.м.гача бўлган мулкларга 10 иш куни мобайнида — БҲМнинг 17,25 баравари (5 865 000 сўм). Умумий майдони 5000 кв.м.дан 15000 кв.м.гача бўлган мулкларга 15 иш куни мобайнида — БҲМнинг 34,5 баравари (11 730 000 сўм) ва 15000 кв.м.дан 50000 кв.м.гача бўлган мулкларга 20 иш куни мобайнида — БҲМнинг 57,5 баравари (19 550 000 сўм), шунингдек, умумий майдони 50000 кв.м.дан ортиқ бўлган мулкларга 25 иш куни мобайнида — Базавий ҳисоблаш миқдорининг 80,5 баравари (ҳозирги кунда 27 370 000 сўм) этиб белгиланган. Базавий ҳисоблаш миқдори ўзгарганида, кадастр хизматларининг нархи ҳам мутаносиб равишда ўзгаради.

– Кадастр соҳасидаги имтиёзлар хусусида ҳам айтиб ўтсангиз?  

– Албатта бу борадаги имтиёзларни алоҳида айтиб ўтиш жоиз, чунки кўп ҳолларда фуқаролар кадастр хизматларидан фойдаланишда ўз ҳуқуқ ва имкониятларидан бехабар бўлишади. Масалан, бугунги кунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ёки Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси давлат хизматлари нархи хизматлар умумий қийматининг 50 фоизини тўлаши белгиланган. Дейлик, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ёки Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ўзининг номидаги турар жой учун кадастр паспорти шакллантириш учун 340 000 сўм ҳисобланган тақдирда, ушбу сумманинг 50% миқдорида, яъни 170 000 минг сўм ундирилади.

– Қандай ҳолларда кадастр паспорти бeпул расмийлаштирилади?  

– Кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи кадастр йиғмажилди (паспорти) мавжуд бўлиб, бегоналаштирилганда ёки объектда ўзгаришлар (реконструкция, қўшимча ва алоҳида қурилиш) мавжуд бўлмаса, кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда, объектнинг қолган қисмига ёки реконструкциясиз тоифаси ўзгарганда, кадастр йиғмажилди (паспорти) йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда) кадастр паспорти бeпул расмийлаштирилади.

Ушбу ҳолатларда кадастр паспорти 3 иш куни мобайнида расмийлаштирилиши лозим. Қоғоз шаклидаги кадастр паспорти Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг (ЯИДХП) орқали, пластик шаклдаги кадастр паспорти фақат Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, тўлов қиймати суммасининг 90 фоизи ундирилади.

– Ўтган 2023 йил давомида Сирдарё вилоятида нечта кадастр паспорти расмийлаштирилди?  

– 2023 йил давомида Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали кадастр паспортини шакллантириш юзасидан жами 27 756 та ариза келиб тушган эди. Шундан 20 057 тасига кадастр паспорти шакллантирилди. Вилоятимизда кадастр паспортини шакллантириш бўйича Гулистон шаҳрида 3 139 та, Гулистон туманида 2 500 та, Сардоба тумани 2 127 та билан етакчилик қилди.

 

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА