Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков иштирокида Хитой ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Мулоқот жараёнида икки мамлакат ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истиқболлари, шунингдек, энергия жиҳатидан тежамкор ва экологик тоза бинолар қуриш ҳамда маиший ва қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар муҳокама қилинди.

Мутахассислар ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, халқаро экологик стандартларни белгилаш, рақамлаштириш тизимини кенг жорий этиш, ХХР тажрибасини ўрганиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги механизмларни ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этди.

Бундан ташқари, чўл ҳудудларини ободонлаштириш, кўчат экиш бўйича фермер хўжаликларини ташкил қилиш, шаҳар тизимида инновацион технологияларни ўрнатиш ва оқова сувларни тозалаш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан турли соҳа ва тармоқларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Томонлар “яшил” лойиҳалар миллий таксономиясини ривожлантириш истиқболлари, “Яшил жамғарма” ташкил этиш, шунингдек, экологик тоза иқтисодий ўсишни янада ривожлантиришга қаратилган бошқа тадбирларни кўриб чиқди.

Лойиҳаларни бошқариш самарадорлигини ошириш, шунингдек, жараёнларни янада яхшилаш учун иқлим ўзгаришини юмшатиш ва мониторинг ҳамда баҳолаш тизимлари соҳасида институционал салоҳият ортгани таъкидланди.

 

Муҳайё  Тошқораева,  

ЎзА