Ўзбекистон ва Қатар стол тенниси федерациялари ўзаро ҳамкорликни изчил йўлга қўймоқда. Ҳар икки мамлакат миллий федерациялари расмийлари Доҳа шаҳрида ўтган учрашувда янги режаларини расмийлаштириб, ҳамкорлик меморандумига имзо чекди.
Учрашувда Қатар стол тенниси федерацияси, шунингдек, Осиё стол тенниси иттифоқи президенти Ҳалил ал-Моҳаннади ва Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси ўринбосари Баҳром Саидов иштирок этди. Томонлар ўзаро суҳбат давомида терма жамоалар ўртасида узоқ муддатли ўқув-машғулот йиғинларини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш каби йўналишларни муҳокама қилди.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Қатарда стол тенниси оламида ҳам йирик турнирлар ўтказилмоқда. Жумладан, 2025 йил Доҳа жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Учрашув давомида, Ҳалил ал-Моҳаннади мамлакатимизда стол тенниси оммавийлигини ошириш борасида ўз тавсияларини бериб ўтди. Шунингдек, терма жамоамизга Хитой ва Жанубий Кореядан тажрибали мураббийларни жалб қилиш ҳақида сўз юритилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА