Йиғилишда ўтган йилги хомашё, материал ва тайёр маҳсулотларнинг ташқи савдо динамикаси таҳлил қилинди. Мавжуд ресурслар, айниқса, озиқ-овқат саноатидаги имкониятларимизни ишга солиб, ички бозорни тўлдириш учун салоҳият юқорилигига қарамай, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми ўтган йили Сурхондарёда 16 фоиз, Андижонда 21 фоиз, Жиззахда 3 фоизга камайгани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий ва Самарқандда ишлаб чиқарилган макарон маҳсулотлари ҳажми ҳудудий эҳтиёжнинг ярмини ҳам қопламайди. Мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан биргаликда 25 турдаги озиқ-овқатни ўзимизда ишлаб чиқаришни бошлаш топширилди.

Бу корхоналарда халқаро стандартлар жорий этилади, уларга хориждан малакали технолог ва маркетологлар жалб қилинади. Шунингдек, масъулларга хорижий брендлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш топширилди.

Вазирлар Маҳкамаси олдига ҳудудларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастурини қабул қилиш вазифаси қўйилди.

ЎзА